Ўзбекистон янгиликлари

Афв эълон қилиниши муносабати билан тадбир ташкил этилди

Бугун, 18 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг катта мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимлари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан афв этиш тўғрисида”ги фармонининг мазмун-моҳиятини ходимларга етказиш мақсадида тадбир ташкил этилди.

Ушбу тадбирга Тошкент давлат юридик университети кафедра мудири Беҳзод Наримонов маърузачи сифатида таклиф этилди.


Тадбирда сўзга чиққан Б.Наримонов Фармон ҳақида гапирар экан, унинг замирида халқимизга хос бағрикенглик, инсонпарварлик ғоялари ётганини алоҳида таъкидлади. Юртбоши томонидан кўрсатилган бундай ғамхўрликдан мамнун бўлган маҳкумлар, бугунги кунда, ўз оиласи бағрига қайтиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланиб бораётганларини ҳам алоҳида қайд этди.


Шунингдек, тадбирда сўзга чиққан диний идоранинг Ҳуқуқшунослик бўлими бошлиғи Икром Мардонов Амнистия акти ва Афвнинг бир-биридан фарқи ҳақида йиғилганларга атрофлича маълумотлар берди. У ўз нутқида, мазкур Фармоннинг қабул қилингани, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан давлат ва жамиятнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган демократик ўзгаришлар, аслида, инсонпарварлик тамойилига асосланганини алоҳида айтиб ўтди.
Тадбир якунида иштирокчилар томонидан берилган барча саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар берилди.


ЎМИ Матбуот хизмати

Read 4281 times

Янгиликлар

Top