Ўзбекистон янгиликлари

Шавкат Мирзиёев Россия Федерациясига жўнаб кетди

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Москва шаҳрига бориши ҳақида хабар берган эдик.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 26 декабрь куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг норасмий мажлисида иштирок этиш учун Москва шаҳрига жўнаб кетди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

 

Маълумот учун, ушбу учрашувда МДҲда 2017 йилдаги Россия раислигининг якунлари сарҳисоб қилиниши ва турли соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари бўйича фикр алмашиш режалаштирилган.

 

Учрашувда Россия президенти Владимир Путин, Озарбойжон раҳбари Илҳом Алиев, Арманистон етакчиси Серж Саргсян, Беларусь президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев, Қирғизистон етакчиси Сооронбай Жээнбеков, Молдова раҳбари Игорь Додон, Тожикистон етакчиси Имомали Раҳмон иштирок этиши кутилмоқда.

 

Туркманистон раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедов учрашувда қатнашмаслиги Россия Президенти Матбуот хизмати томонидан маълум қилинган эди.

Read 4073 times
Tagged under

Янгиликлар

Top