Ўзбекистон янгиликлари

Президент совғалари улашилмоқда

Янги йил байрамида болажонлар учун махсус “Президент арчаси” тадбири ташкиллаштирилади. Бу йил ҳам мазкур анъанани давом эттирилмоқда.

Ўзбек халқи болажон халқ, шу боисдан ҳам юртимизда нишонланадиган ҳар қандай байрам беғубор болажонларнинг иштирокисиз ўтмайди. Айниқса, ҳар йили кенг нишонланадиган янги йил байрами жажжи юртдошларимизнинг севимли тантаналаридан биридир.

Маълумки, ҳар янги йил байрамида болажонлар учун махсус “Президент арчаси” тадбири ташкиллаштирилади. Бу йили ҳам мазкур анъанани давом эттирган ҳолда Президент совғалари тайёрланмоқда.

Шуни қайд этиш лозимки, бугунги кунга келиб Меҳрибонлик ва Мурувват уйлари ўғил-қизлари, “SOS – болалар маҳаллалари”, Гўдаклар уйи, Оилавий болалар уйи тарбияланувчилари, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, юртимиз тинчлиги йўлида қурбон бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг фарзандлари учун 12 номдаги ўқув қуроллари ва 15 номдаги ширинликлардан иборат бўлган 11 минг дона Президент совғалари тайёрланди.

Шу йили 26 декабрь куни Тошкент, Сирдарё, Жиззах вилоятлари ва Тошкент шаҳрига жами 3734 дона Президент совғалари автотранспортларда, 6265 дона Президент совғалари “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпаниясининг самолётлари орқали жадвал асосида жорий йилнинг 25-27 декабрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси ва 9 та вилоятга етказилди.

Эслатиб ўтамиз, Президент совғалари 29-30 декабрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва бошқа барча вилоятларда ташкил этиладиган “Президент арчаси” тадбирларида кичкинтойларга тантанали равишда топширилади.

Read 4896 times

Янгиликлар

Top