Ўзбекистон янгиликлари

Туркия элчиси: “Ўзбекистон - ота юртимиз”

Кеча, 27 декабрь куни Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси Ахмед Башар Шен Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташриф буюрди. Меҳмонни диний идора раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров қабул қилди.

Муфтий ҳазратлари меҳмонни ташриф билан қутлаб, Ўзбекистонда дин соҳасида амалга оширилаётган ишлар, диний идора ва жойлардаги вакилликлар фаолияти тўғрисида гапирдилар. Ҳазрат сўзларида давом этиб, Ўзбекистон ва Туркия алоқалари кўп йиллардан буён сайқалланиб келаётгани, тараққиётимизнинг янги даврида бу жараён янада қулоч ёзгани, шу йилнинг ўзида Туркия диёнат ишлари вазири Али Эрбош жаноблари билан бир неча бор ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинганини сўзлаб бердилар. Шунингдек, икки юртнинг раҳбарлари ва халқлари ҳам бир-бирларига катта ҳурмат, дўстона муносабатда эканликларини мамнуният билан қайд қилдилар.


Мулоқотда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Минаваров сўз олиб, Ўзбекистон ва Туркия президентлари муносабатлари мустаҳкамланиб бораётгани, икки мамлакат ўртасида жуда кенг кўламда ҳамкорлик алоқалари тараққий этаётганини таъкидлади. У сўзида давом этиб, Ўзбекистон Раҳбарининг ташаббуси билан Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази, Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Сурхондарёда Имом Термизий илмий-тадқиқот марказини қуриш ишлари давом этаётгани, уларнинг илмий-тарихий концепцияси бўйича исломшунослик асослари ва аниқ фанлар соҳаларидаги ноёб қўлёзма асарларни йиғиш, сақлаш ва ўрганиш каби вазифаларни, буюк аждодлар илмий-маънавий меросини тарғиб қилиш орқали муқаддас ислом динининг асл тинчлик ва эзгулик моҳиятини жамият аъзоларига ёшларга етказиш мақсадлари қўйилганини қайд қилди. Ҳар икки мамлакатнинг тарихий алоқалари қадим замонлардан яқин бўлганидан келиб чиқиб, Туркияда сақланаётган ва умумий меросимизга тегишли бўлган қўлёзмалар ҳамда осори-атиқалар тўғрисида маълумотлар, уларнинг нусхаларини олиш, марказлар фаолиятини йўлга қўйишда илмий-маърифий мерос, Давлат Раҳбарининг таъбири билан айтганда, умуминсоният мулки эканидан келиб чиқиб, қардош мамлакатнинг ушбу соҳадаги бошқа ёрдамлари ҳам мамнуният билан қабул қилинишини айтди.


Ш.Миноваров, шунингдек, зиёрат туризмини ташкил этиш бўйича ишлар жадал кетаётганини гапириб, Ўзбекистон делегацияси бу борада тажриба алмашиш учун Туркияда бўлиб қайтганини маълум қилди.


Ўзининг жавоб сўзида, Туркия элчиси Ўзбекистон ҳозирги кунда жадал одимлаб бораётгани, икки мамлакат раҳбарларининг қарашлари муштарак экани ўзаро ҳамкорлик учун кенг имкониятлар очиб бераётганини алоҳида таъкидлади. У Туркия Халқаро Ҳамкорлик Агентлиги Ўзбекистонда ўз фаолиятини кенгайтираётгани, Ўзбекистонда барпо этилаётган Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Имом Термизий илмий-тадқиқот марказларига зарур ёрдам кўрсатилишини баён қилди.

Ахмед Башар Шен сўзида давом қилиб, мамлакатлар Ислом дини ниқобидаги фитначи бузғунчиларнинг хатти-ҳаракатлари натижасида маълум даражада қийинчиликларга дуч келганлари, ушбу соҳада тажрибага эга эканлари ва ислом динига ҳеч бир алоқаси бўлмаган экстремизм ва терроризмнинг ҳар қандай кўринишларига ҳамкорликда курашишлари яхши самара бериши мумкинлигини изҳор қилди.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати.

Read 4976 times

Янгиликлар

Top