Ўзбекистон янгиликлари

Мирзиёев: “Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Имом Насафий ҳақида фильм ишлашимиз керак”

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 29 декабрь куни миллий кино санъати ва киноиндустриямизни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлили ва бу борада мавжуд муаммоларни ҳал этиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда President.uz сайтида хабар берилди.

Йиғилишда Бош вазир, тегишли вазирлик ва идоралар, “Ўзбеккино” миллий агентлиги ва унинг тизимидаги ижодий ташкилотлар раҳбарлари, киноижодкорлар вакиллари иштирок этди.

Дунё миқёсида турли ғоя ва мафкуралар кураши, одамлар, айниқса, ёшларнинг қалби ва онгини эгаллаш учун турли кучлар ўртасида рақобат кескин тус олган бугунги кунда энг оммавий санъат бўлган кинонинг беқиёс имкониятларидан самарали фойдаланишимиз керак, деб таъкидлади давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз соҳа мутахассисларига мурожаат қилар экан, буюк боболаримиз ҳаёти ҳақида ҳам фильмлар олиш кераклигини билдирди.

“Нега Имом Бухорий ҳақида фильм йўқ? Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Имом Насафий ҳақида нега фильм ишланмаяпти? Биз Ислом цивилизация марказини қуряпмиз. Исломни тараннум этиш жуда катта тарбия воситаси. Фильмлар ишланса, уни масжидларда ҳам кўрсатса бўлади. Биз шу орқали Бухорий, Термизий, Мотуридий ва Насафий боболаримизнинг қилган ишларини одамларга етказамиз. Биринчидан, онгимиз ўзгаради. Иккинчидан, биз ўз устимизда ишлаш орқали атрофимизда муҳит яратамиз ва одамларни ёмон иллатлардан сақлаб, ижодга йўналтирамиз. Энг асосийси, биз ўзлигимизни англамас эканмиз, айтилган гапларни меъёрига етказа олмаймиз”, – деди Шавкат Мирзиёев.

 

Манба: azon.uz

Read 6097 times

Янгиликлар

Top