2017 йилда мамлакатимизда ўнлаб янги масжидлар очилди. Бу эса ўтган йилнинг муҳим аҳамиятга эга бўлганини ҳамда янги 2018 йилда ҳам янада кўпроқ масъулият билан ишлаш лозимлигини кўрсатди.
Милодий 2018 йилнинг илк кунлариданоқ хайрли ишлар амалга оширилди.
Бугун, 2 январь куни Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманидаги Кўксарой маҳалласида янги масжид қайта фаолият бошлади. Қамчиқ довонидаги ягона масжид, автомагистрал йўлнинг шундоққина юзида жойлашган “Ислом нури” жоме масжидининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Масжиднинг очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳамда Тошкент вилояти вакиллиги масъуллари иштирок этдилар. Тадбирни Муфтий ҳазратлари очиб бердилар.
Масжиднинг довон йўлида жойлашгани ибодат қилишни истаганлар учун қулайлик яратди.
Маълумот учун, 2013 йилда масжидни қайта қуриш ва таъмирлаш ишлари бошланган эди. Масжид саҳоватпеша ҳомийлар ҳамда аҳоли томонидан ҳашар йўли билан қурилган. Масжидда намозхонлар учун қулай шарт-шароитлар яратилган бўлиб, таҳоратхона эл хизматига тайёр ҳолда қурилган.
http://old.muslim.uz/index.php/ar/yangiliklar-2016/uzbekistan/item/4815#sigFreeIde3931396d9
ЎМИ матбуот хизмати