Ўзбекистон янгиликлари

Хушхабарлар олдинда

Кеча, 6 январь куни Диний идорада Қуръон мусобақасини ўтказиш бўйича ташкилий қўмитанинг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда шу кунга қадар мусобақани ўтказиш бўйича қилинган ишлар ва галдаги муҳим вазифалар келишиб олинди.
Йиғилишда Абдулҳаким қори Матқулов сўзга чиқиб, муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 1 сентябрь куни “Ҳазрати Имом” мажмуасидаги Қуръон мусобақасини ўтказиш бўйича берган кўрсатмалари ва шу йўналишдаги диний идора раҳбарияти топшириқларининг ижроси бўйича ташкилий қўмита томонидан бажарилган ишлар ҳақида маълумот берди. Жумладан, у жойларда иштирокчиларни рўйхатга олиш давом этаётгани, 22 нафар ҳакамни тайёрлаш бўйича машғулотлар ўтказилгани, иштирокчиларни рўйхатга олиш ва тайёргарлик жараёнларини кўздан кечириш мақсадида, ҳакамлар вилоятларга хизмат сафарига юборилгани, мусобақа баннерлари ва нишонлари ишлаб чиқилгани ҳамда мазкур жараёнлар интернет сайтларида кенг ёритиб борилаётганини баён қилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари йиғилишда сўз олиб, мусобақанинг ҳар бир жиҳатига жиддий ҳозирлик кўриш, мусобақани жуда кенг кўламда ўтказиш, туман-шаҳар ва вилоят босқичларини ҳам юқори кайфиятда бўлишини таъминлаш борасида кўрсатмалар бердилар. Мусобақа иштирокчиларининг чиқишларини баҳолашда адолат ва шаффофликка қатъий амал қилиш, таниш-билишчиликка мутлақо йўл қўймасликни алоҳида қайд этдилар. Ҳатто хориждаги мутахассислар ҳам мусобақани катта қизиқиш билан кутишаётгани ва бу ишлар келгусида халқаро мусобақа ўтказиш учун замин бўлишини таъкидладилар. Шунингдек, муфтий ҳазратлари сўзларида давом этиб, муҳтарам Президентимиз Қуръон мусобақасини энг юқори даражада ўтказиш учун барча шарт-шароитларни муҳайё қилиб бераётганларини катта мамнунлик билан изҳор қилдилар.
Муфтий ҳазратлари сўзларининг якунида, Давлатимиз раҳбари томонидан биз мўмин-мусулмонларга берилаётган имкониятлар ва ушбу мусобақани ўтказиш борасида ҳам кутилмаган хушхабарлар ҳали олдинда эканини билдириб ўтдилар. Муфтий ҳазрат бир ҳафта давомида Диний идорада баҳолаш мезони буйича жиддий тайергарликдан ўтган ҳакамларнинг бундан кейинги ишларига Аллоҳдан мадад сўраб, муваффақият тиладилар.
Ўзбекистонлик қориларнинг энг табаррук устози Яҳё қори Турдиев зоти шарифларининг хайрли дуолари билан йиғилиш якунланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 5233 times

Янгиликлар

Top