Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонда жиноятчини ушлашда кўмаклашганга мукофот берилади

Фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, шу жумладан диний ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштироки учун моддий ва бошқа тарзда рағбатлантирилади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди. 

Бу Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг яқинда қабул қилинган “Фуқаролар ва жамоат ташкилотларини ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштироки учун рағбатлантириш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорида ўз ифодасини топди. 

Эндиликда фуқаролар ва жамоат ташкилотларининг 

қасддан содир этилиши режалаштирилаётган ёки содир этилаётган маъмурий ҳуқуқбузарликнинг олдини олиши ёхуд тўхтатиши; 

тайёргарлик кўрилаётган жиноят ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериши натижасида жиноят содир этилишининг олди олиниши; 

қасддан содир этилаётган жиноятни тўхтатиши ва уни тўлиқ фош этишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга кўмаклашиши; 

фош этилмаган жиноят бўйича уни фош этишга кўмаклашувчи далилларни аниқлаши ёки уни содир этган шахслар ёхуд уларнинг қаерда эканлиги ҳақидаги маълумотларни тақдим этиши натижасида жиноятнинг фош этилиши; 

қонун ҳужжатларига мувофиқ қидирув эълон қилинган шахснинг яширинган манзили ҳақида хабар бериши, уни ушлашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга кўмаклашиши; 

бедарак йўқолган шахс ҳақида берган маълумоти асосида унинг аниқланиши; 

аҳоли ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги тарғибот-ташвиқот тадбирларида фаол иштирок этиши ва уни бевосита амалга ошириши; 

жиноятларнинг содир этилиши сабаблари ва бунга имкон берувчи шарт-шароитларни бартараф этиш борасида таклиф ва ташаббусларни амалга жорий этиши каби асослардан бири мавжуд бўлган тақдирда рағбатлантирилиши мумкин. 

Фуқаролар ва жамоат ташкилотларини пул маблағлари билан рағбатлантириш тегишли идоралараро комиссиялар томонидан қуйидаги миқдордаги тўловларни тўлаш йўли билан амалга оширилади: 

туман (шаҳар) идоралараро комиссиялари — энг кам ойлик иш ҳақининг ўн бараваригача; 

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар идоралараро комиссиялари — энг кам ойлик иш ҳақининг ўн беш бараваригача; 

Республика идоралараро комиссияси — энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма бараваригача миқдорда. 

Фуқаролар ва жамоат ташкилотларининг вакиллари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишга муносиб ҳисса қўшганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат мукофотларига ҳам тавсия этилиши мумкин.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 4006 times

Янгиликлар

Top