Ўзбекистон янгиликлари

Масжидларда диний илмларни ўргатиш курсини ташкил этиш таклиф қилинмоқда

Жамоатчилик томонидан 2018 йилги Давлат дастурида кўрсатилган бандларга нисбатан муносабат билдирилмоқда. Шулардан бири диний соҳадаги янгиланишларга бағишланган бўлиб, «фақат диний билим юртларда эмас, ҳукумат томонидан рухсат берилган масжидларда ҳам диний илмларни пуллик асосда, рўйхатга олинган тартибда йўлга қўйишга рухсат» берилиши сўралган, деб хабар беради kun.uz.

Аввалроқ, «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат дастури лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилгани ҳақида маълум қилинганди. Унга кўра, 237 банддан иборат Дастур лойиҳаси 15 январьга қадар умумхалқ муҳокамасида кўриб чиқилиши белгиланган.

Эътироф этилган бандлардан бири Конфессиялараро ҳамжиҳатлик 
ва миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш, давлат институтлари ва диний ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни ҳамда ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштиришга бағишланган.

Унда:

- диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш тартибини соддалаштириш;

- диний ташкилотлар томонидан тажвид, ҳадисшунослик, калом ва бошқа диний илмларни ўргатишни тартибга солиш;

- диний ташкилотларнинг фаолият юритиши ҳамда тугатиш асослари, давлат институтлари билан ҳамкорлиги ва фаолият механизмларини такомиллаштириш масалалари назарда тутилади.

Бундан ташқари, Толаков Адхамжон номи билан рўйхатдан ўтган фойдаланувчи мактабларда диний таълимни йўлга қўйиш зарурияти ҳақида ёзади.

«Менинг фарзандимга мактабда Пушкинни ёки Наполеонни кимлигини ўргатилади. Лекин Пайғамбари кимлигини ўргатилмайди. Мактаб программасига ақида, ҳадис, дин асослари каби фанларни қўшиш керак. Террористлар ва диний адашганлар камроқ бўлади», деб изоҳини якунлаган у.

Кўплаб изоҳ эгалари диний таълимни диний муассасалар, масжид ва мактабда бирдек ташкил этишга мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлаган.

Read 5485 times

Янгиликлар

Top