Ўзбекистон янгиликлари

Матбуот ва ахборот агентлиги янги лойиҳа ҳақида эълон қилди

Матбуот ва ахборот агентлиги Ўзбекистонда туғилиб, камол топган ва ислом дини ривожига, шунингдек, бутун башарият маънавий камолотига улкан ҳисса қўшган буюк бобокалонларимиз, хусусан, ҳадис илмининг султони Имом ал -Бухорий, Имом ат-Термизий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳовуддин Нақшбанд, Имом Мотуридий, Абул Муин Насафий каби улуғ зотларнинг ўлмас илмий-маърифий мероси, ибратли ҳаётини ва уларнинг инсон сифатидаги бадиий мукаммал образларини ҳаққоний гавдалантирувчи романларнинг яратилишига ҳисса қўшиш, муқаддас ислом динининг асл моҳиятини, унинг ривожида бобокалонларимизнинг улкан хизматларини аҳоли, айниқса, ёшлар орасида кенг ёритиш, шу билан бирга, адибларимиз, исломшунос олимлар ҳамда ёш тадқиқотчиларимизни маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ислом цивилизациясининг буюк алломалари” мавзуида бадиий асарлар яратиш бўйича ижтимоий буюртмалар лойиҳасини эълон қилди.

Ижтимоий буюртмалар бўйича яратиладиган ижодий ишлар учун қуйидаги талаблар кўзда тутилган:

– муқаддас ислом динининг софлигини таъминлаш,  унинг ривожи ва маънавий қадрини юксалтиришда ўзларининг ўчмас номларини қолдирган буюк бобокалонларимиз – ҳадис илмининг султони Имом ал-Бухорий, Имом ат- Термизий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳовиддин Нақшбанд, Имом Мотуридий, Абул Муин Насафий каби улуғ зотларнинг ўлмас илмий-маърифий мероси, ибратли ҳаётини ва уларнинг инсон сифатидаги бадиий мукаммал образларини юксак бадиий воситалар билан акс эттирувчи романлар яратиш;
– буюк алломаларимизнинг бадиий тимсолларини яратиш билан бирга ислом динининг бугунги жаҳон ҳамжамиятидаги ўрнининг муҳимлиги, инсониятни ташвишга солаётган глобал муаммоларни ҳал этишда исломий бағрикенглик ғояларининг аҳамиятини очиб бериш;
– ислом ҳар соҳада меъёр ва мувозанатга риоя қилувчи дин экани, унинг моҳияти – инсонга ғамхўрлик, бағрикенглик, ҳукмлари – адолат, воқелиги –халқпарварлик, зоҳири – илғор маданият экани;
– ислом оламида кечаётган мураккаб ижимоий-сиёсий жараёнларнинг асл мазмун ва моҳияти, келиб чиқиши ва оқибатларини теран таҳлил этувчи ҳамда турли ғаразли ва бугунги террорчилик ҳолатларини ислом дини билан боғлаётган бузғунчи кучларга қарши курашга чорловчи;
– ислом тинчлик дини экани ва у моҳиятан терроризмга мутлақо зидлиги, миллий тарбиянинг шарқона хусусияти, диний таълим тизимидаги ўзига хос тамойилларни очиб берувчи;
– дунёнинг турли бурчакларида содир бўлаётган бузғунчилик ва хунрезликлар исломдан эмаслигини тарихимиздаги алломалар ҳаётидан келтирилган турли воқеалар, вазиятларга муносабатлар асосида далиллаб берадиган;
– ўз даврида буюк бобокалонларимизнинг диний мутаассиблик, адашган оқимларнинг пуч даъволарига берган раддиялари, динимиз таълимотларини нотўғри талқин қилувчиларга жавобларини бугунги кун билан боғлаган ҳолда қизиқарли талқин этувчи;
– муқаддас динимизнинг асл моҳиятини англаш –  айрим ёшларнинг ислом ниқобидаги бузғунчи ғоялар, экстремизм, терроризм гирдобига кириб, бузғунчи ғояларга алданиб қолишига қарши курашишида ўта муҳим омил экани;
– ислом дини бағрикенглик тамойиллари билан ҳамиша халқлар ўртасида дўстлик, тинчлик-тотувлик ва ҳамкорликка чақириб келганини, ҳар қандай фитна ва урушларга барҳам берганини бадиий образлар воситасида очиб берадиган асарлар яратиш шулар жумласидандир.

Буюртма берилган китоблар Агентлик тизимидаги нашриётлар қошида таниқли адиблар, исломшунослар, диний арбоблар ҳамда тарихчи олимлардан иборат нуфузли ҳайъат томонидан баҳоланиб, нашриётларнинг ижтимоий грантлари асосида чоп этилади ва муаллифларга белгиланган тартибда қалам ҳақи берилади.

Нашриётлар ва муаллифлар ўртасида тузиладиган шартномада ижтимоий грантлар асосида яратиладиган китоб учун қалам ҳақининг маълум қисмини олдиндан тўлаш ҳам кўзда тутилади.

Лойиҳада иштирок этишни хоҳловчилар диққатига!

Ижтимоий буюртмалар лойиҳасининг ташкилий ва ижодий жиҳатлари юзасидан Агентлик тизимидаги нашриётларга бевосита мурожаат қилишингиз ҳамда улар билан олдиндан шартнома тузиш тартибида лойиҳани бажаришга киришишингиз мумкин!

Агентлик тизимидаги нашриёт-матбаа ижодий уйларининг манзиллари:

  1. “Ўзбекистон” НМИУ – 100011, Тошкент, Навоий кўчаси, 30-уй. 
    Тел.: (0371) 244-87-55, 244-87-20. Факс: (0371) 244-37-81, 244-38-10;
  2. “Ўқитувчи” НМИУ – 100206, Тошкент, Янгишаҳар кўчаси, 1-уй.
    Тел.:(0371) 224-10-77, 224-05-49.Факс: (0371) 224-05-61;
  3. Чўлпон номидаги НМИУ – 10011, Тошкент, Навоий кўчаси, 30-уй. Тел.:(0371) 244-10-45. Факс: (0371) 244-58-55;
  4. “Ўзбекистон Миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти – 100011, Тошкент, Навоий кўчаси, 30-уй. Тел.: (0371) 244-34-38, 244-60-75, 244-07-47. Факс: (0371) 244-24-91; 
  5. Ғафур Ғулом номидаги НМИУ – 100128, Тошкент, Лабзак кўчаси, 86-уй. Тел.: (0371) 241-19-28, 241-18-96. Факс: (0371) 241-82-69.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 4450 times

Янгиликлар

Top