Ўзбекистон янгиликлари

Фидоий ва жонкуяр инсон ёди

Кеча, 17 январь куни диний идорада Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш борасида қилинаётган ишларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда таниқли уламолар, тажрибали имом-хатиблар, илғор мударрислар, диний соҳа ходимлари, халқаро илмий-тадқиқот марказлари раҳбарлари иштирок этди.
Мажлисда муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари сўз олиб, 2017 йил 27 ноябрь куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги Қарор ижроси юзасидан Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев иштирокида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтгани, унда Биринчи Президентимизнинг эл-юртимиз равнақи йўлидаги хизматлари ҳақида илиқ фикрлар билдирилгани ва юбилейни ўтказиш бўйича қатор топшириқлар берилганини қайд этдилар.
Видеоселекторда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонларидан жуда ҳам яхши сўзлар айтилгани, айниқса, у кишининг “Ўз тарихини йўқотган, унга беписанд муносабатда бўлган элнинг келажаги йўқ. Биз Ислом Каримовни қанча эъзозласак, қанча улуғласак, тараннум этсак, халқимизни, ўзлигимизни, миллатимизни шунча улуғлаган бўламиз. Бу тарихий санани юқори савияда ўтказишимиз юксак маънавиятли ва маърифатли халқ эканимизни намоён этади”, деган сўзларини муфтий ҳазратлари келтирдилар.
Шунингдек, муфтий ҳазратлари сўзларида давом этиб, вилоятларда ўтказиладиган эҳсон дастурхонларида имом-хатиблар томонидан Қуръони карим оятларидан тиловат қилиниши, Биринчи Президентимиз ҳақларига дуолар қилиниши, у кишининг қилиб ўтган хайрли ишлари тўғрисида йиғилганларга суҳбат қилиб беришни тавсия этдилар. Бундан ташқари имом-хатиблар мана шу ишлар ҳақида намозхонларга маълумот бериб боришлари мақсадга мувофиқ эканини билдирдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ташкилотлар, диний таълим муассасалари ва халқаро илмий тадқиқот марказларида Биринчи Президентимиз таваллуд санасига бағишланган маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари, учрашувлар ва китоб тақдимотларини ўтказиш ҳамда оммавий ахборот воситаларида кенг кўламли чиқишлар қилиш бўйича топшириқлар берилди.
Йиғилишда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори У.Уватов, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби А.Турсунов, Тошкент ислом институти ректори У.Ғофуров сўзга чиқиб, бугунги тинч-осуда кунларга Биринчи Президентимизнинг азму шижоати асосий тамал тоши бўлганини таъкидлаб ўтишди. Шунингдек, Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг юбилейларини нишонлашга оид ташаббусларига биноан жуда катта хайрли ва савобли ишлар амалга оширилаётганини баён қилишди.
Шу билан бирга, йиғилишда юбилей маросимларини у кишининг ўзидек самимий ва оддий, ортиқча дабдабаларсиз ўтказиш ҳақида ҳам фикрлар билдирилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 4369 times

Янгиликлар

Top