Ўзбекистон янгиликлари

Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида рўй берган, кўплаб ўзбекистонликларнинг ўлимига олиб келган фожиа муносабати билан Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев марҳумларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирди.

«Шавкат Мирзиёев ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради», — дейилди «Ўзбекистон» телеканали «Ахборот» дастурида.

Бугун, 18 январь куни Қозоғистоннинг Актўбе вилояти Ирғиз тумани ҳудудидан ўтувчи «Самара-Чимкент» автомобил йўлининг 1068 кмда Калибой аҳоли яшаш пунктидан 10 км узоқликда «Икарус» русумли автобус ёниб кетди. Ушбу икки қаватли автобусда жами 57 киши бўлган, фақат 5 киши ундан чиқа олган, қолган 52 киши ҳалок бўлган. Ҳозирча ҳалок бўлганларнинг шахси аниқланмаган.

Шавкат Мирзиёев топшириғи билан Қозоғистонда кўплаб ўзбекистонликларнинг ҳалок бўлишига олиб келган фожиа сабабларини ўрганиш юзасидан бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида ҳукумат комиссияси ташкил этилган. Айни вақтда ушбу комиссия Ақтўбе шаҳрига учиб кетган.

Махсус ҳукумат комиссиясига Қозоғистон вакиллари билан ҳамкорликда содир бўлган фавқулодда вазият сабабларини ўрганиш, мамлакат фуқаролари шахсини аниқлаш вазифалари юклатилган.

Шунингдек, комиссия ҳалок бўлганларнинг таналарини мамлакатга олиб келиш, уларнинг оилаларига зарур ёрдамни кўрсатиш билан шуғулланади.

Манба: http://kun.uz/

Read 4048 times

Янгиликлар

Top