Ўзбекистон янгиликлари

Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятидаги фожиада ҳалок бўлган юртдошларимизнинг оилаларига ҳамдардлик

الحمد لله الذي قدر آجال العباد، وكتب أعمارهم قبل موالدهم،  وقال

 وَلِكُلِّ أُمَّةٍ أَجَلٌ فَإِذَا جَاءَ أَجَلُهُمْ لَا يَسْتَأْخِرُونَ سَاعَةً وَلَا يَسْتَقْدِمُونَ

، والصلاة والسلام على سيد الأنبياء وإمام الحنفاء محمد بن عبدالله وآله وأصحابه النجباء

Муҳтарам жамоат! 

2018 йил 18 январь куни Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида рўй берган фожиадан Ўзбекистон мусулмонлари идораси катта қайғуда. Кўплаб юртдошларимиз ўлимига олиб келган ушбу воқеа муносабати билан ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши номидан чуқур ҳамдардлик билдирамиз.

Маълум бўлишича, Қозоғистоннинг Актўбе вилояти Ирғиз тумани ҳудудидан ўтувчи “Самара-Чимкент” автомобил йўлининг Калибой аҳоли яшаш пунктидан 10 км. узоқликда “Setra” русумли автобус ҳаракатланаётган вақтда аланга олган ва йўловчи автобус ёниб кетган. Ушбу автобус Қозоғистон жанубидан Россиянинг Қозон шаҳрига йўл олган. Автобусда жами 57 киши бўлган, фақат 5 киши ундан чиқа олган, қолган 52 киши ҳалок бўлган.

Ушбу содир бўлган фожиа сабабларини ўрганиш учун муҳтарам Президентимиз топшириғига кўра, Бош вазир бошчилигида ташкил этилган Махсус ҳукумат комиссияси айни вақтда Қозоғистонда бўлиб турибди.

Ўз навбатида Ўзбекистон мусулмонлари идораси, уламолар ва имом-домлалар томонидан ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдириш, масжид-мадрасаларимизда хатми Қуръонлар ўқиб, руҳи покларига бахшида қилиш ва яқинларига тасалли бериш каби савобли ишлар бошланди.

Азизлар, машъум фожиада ҳалок бўлганларнинг ҳақларига дуолар қилиш, мағфират сўраш ва яқинларига тасалли бериш барчамизнинг инсоний бурчимиздир. Инсон қачон, қаерда ва қандай ҳолатда вафот этишини билмайди. Динимизда бирор фожиа билан вафот этган мўминнинг даражаси юқори бўлиши айтилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларининг бирида киши сувга ғарқ бўлиб, ўтда куйиб, том остида қолиб, аёл киши тулғоқ пайтида вафот этса, шаҳидлик мақомини топишини айтганлар.

Динимизда ўтганларни эслаш, уларга дуойи хайрлар қилиш мўминлик ҳақларидан ҳисобланади. Қуръони каримда шундай дейилган:

وَالَّذِينَ جَاءُوا مِنْ بَعْدِهِمْ يَقُولُونَ رَبَّنَا اغْفِرْ لَنَا وَلِإِخْوَانِنَا الَّذِينَ سَبَقُونَا بِالْإِيمَانِ

وَلَا تَجْعَلْ فِي قُلُوبِنَا غِلًّا لِلَّذِينَ آَمَنُوا رَبَّنَا إِنَّكَ رَءُوفٌ رَحِيمٌ  

яъни: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!” (Ҳашр сураси, 10-оят)

Шундай экан ушбу фожиада вафот этган юртдошлармизнинг ҳақларига дуо қилиб, Яратган Парвардигордан уларнинг солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ қилишини, гуноҳларини мағфират этишини, ётган жойларини жаннат боғларидан бир боғ қилишини илтижо қилиб сўраймиз. Уларнинг оила аъзолари ва яқинларининг мусибатларига шерик эканимизни билдирган ҳолда сабру жамил тилаймиз.

Вассаламу алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раиси, муфтий Усмонхон АЛИМОВ

 

Read 4601 times

Янгиликлар

Top