Ўзбекистон янгиликлари

Тадбиркорлик – Расулимиз суннати

Оламлар Раббиси, Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Махлуқотларининг энг яхшиси Муҳаммад мустафо (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га салавоту саломлар бўлсин. Аллоҳ таоло Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни ҳақни инкор қилувчиларга ҳужжат, нубувват эшигининг хотимаси қилиб юборди. У зотнинг улуғ аҳлига, буюк саҳобийларига ҳамда тўғри йўл имомлари бўлмиш, хусусан, «Илм юлдузларда бўлса ҳам, албатта, форс ўғлонларидан чиққан кишилар уни олади», дея башорати берилган Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ)га саломлар бўлсин.

Миллат барқарорлигини таьминлашда оила, ота-она ва фарзандлар  жамиятнинг асосий бўғини хисобланади. Мустақиллик йилларида биринчи Президентимиз ташаббуслари билан оилаларни мустаҳкамлаш, вояга етган ёш авлодни таьлим-тарбияси масалалари борасида давлат, жамият миқёсида кўплаб тадбирлар амалга оширилди.

Жамиятнинг ҳаётий фаолиятида оила институти улкан аҳамиятга эга экан, диний манбалар асосида унинг мустаҳкам омилларини аниқлаш, барқарорлигини таъминлаш,  уларнинг амал қилиш хусусиятлари бўйича илмий хулосалар ишлаб чиқиш муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, оила мустаҳкамлигини сақлаб, унинг муқаддаслигини келажак авлод руҳига сингдириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир.  Мамлакатимизда амалга оширилаётган бу каби ишларнинг барчаси халқимиз учун кўплаб манфаатлар хосил қилганлиги билан тарихнинг ўчмас саҳифаларида муҳрланиб қолди. Яхшилик қилиш ва фойда келтириб яшаш мўмин кишининг асосий сифатларидан биридир. Инсонларга манфаат етказишда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) барчамизга ибрат ва намуна бўлганлар. У зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳали  Пайғамбар  бўлмасларидан олдин ҳам муҳтожларга ёрдам берар, етимларнинг бошларини силар, чорасиз-бечораларни қўллаб қувватлар эдилар.

Муқаддас динимизда кишининг умумхалқ манфаати учун қилган барча амаллари энг савобли ишлардан саналади. Агар бу қилган ишлари унинг вафотидан кейин ҳам жамиятга манфаат ва фойда етказадиган бўлса, у ҳолда бу ишнинг савоби марҳумнинг номаи аъмолига ёзилишда давом этаверади дея марҳамат қилдилар.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида халқимизнинг яшаш шароитлари тубдан яхшиланган, янгидан-янги қулайликларнинг барпо этилганлиги ҳамда кўпгина соҳаларни тубдан ислоҳ қилинганлиги барчамизни бирдек қувонтирди. “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да  “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан улуғ”, деган олий ғоя устуворлик касб этиб, давлат ҳокимияти бошқарувида мутлақо янги тизим – Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, “Халқ қабулхона”лари ташкил этилди. Бу эса аҳолининг долзарб муаммоларини ҳал этишнинг самарали тизими бўлиб хизмат қилмоқда.

2018 йилни “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш” йили деб номланиши ҳам инсон манфаатларининг жамиятимиз ҳаётининг барча соҳаларидаги ислоҳотларни ҳаракатга келтирувчи кучга айлантиради, иншааллоҳ. Чунки тадбиркорлик хусусида баҳс кетаркан, албатта, бунда бизга биринчи ўринда ўтган барча пайғамбарлар, салафи солиҳлар, буюк аждодларимиз кўз ўнгимизда намоён бўлади. Ўтган пайғамбарларнинг (алайҳиссалом) Бану Одам ичида олиб борган фаолиятларидан бири кишиларни амалга ва касб қилишга ундашдан иборат бўлган. Жумладан, анбиёларнинг афзали ва охиргиси Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўзларининг муборак ҳадиси шарифларининг бирида қуйидагича марҳамат қиладилар: “Кишининг энг афзал меҳнати унинг қўл меҳнатидир. Агар ихлос қилса”, деганлар. Шу билан бирга, Ҳаким Термизий (раҳматуллоҳи алайҳ) ўз асарларида бу борада ривоят қилинган хадиси шарифлар ва саҳобаларнинг (розиялоҳу анҳу) қиссаларини келтиради.

Аҳли сунна вал жамоа мазхаби ақидасига кўра, Аллоҳ ризқларни Лавҳул маҳфузда Ўзи ирода қилган кайфиятда ва Ўзи ирода қилган вақтда собит қилгандир, дейилади.

Ҳаким Термизий (раҳматуллоҳи алайҳ) ризқ талабини тарк қилишга ҳужжат йўқлигини алоҳида таъкидлайди. Олим нотўғри фикр юритиб, “Ризқ ўз-ўзидан келаверади” деган фикр билан ризқ талаб қилмасдан, ўтириб олганларни туришга, ризқ талаб қилишга чорлаб, қуйидагиларни айтади: “Агар улар ўтирган бўлсалар, туришлари ва талаб қилишлари лозим. Ана шундагина тамадан, қалбнинг бузилишидан сақланади ва нафснинг фитнасидан ҳимояланадилар. Муҳтожлик уларни шубҳали нарсани олишга ва бойларга лаганбардорлик қилишга олиб бормайди”.

Ҳаким Термизий (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг фикрича, ҳалол ризқ талаб қилиш ҳар қандай нафл ибодатдан афзалдир, деганлар.

Охир замон пайғамбари Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) эса  чўпонлик ва савдогарлик қилганлар. Демак, ҳар бир кишига халолдан ризқ талаб қилиш ва зурриётларига ҳалол луқма едириш фарз экан.

Ҳозирги кунда муҳтарам Президентимиз ушбу янги йилни “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш” йили деб номлашлари ҳам барчани ҳалол ризқ топишга тарғиб қилишдан бошқа нарса эмасдир. Биз инсонлар бундай имкониятдан тўғри фойдаланишимиз, юртимиз ободончилиги, халқимиз бойлиги ҳамда жамиятимиз барқарорлигига ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшмоқлигимиз лозимдир.

 

Пошшохон ЭШОНХОН қизи

Хадичаи кубро аёл-қизлар

ислом билим   юрти мударрисаси

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3327 times

Янгиликлар

Top