Ўзбекистон янгиликлари

Бугун соат 05.40 да Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг самолёти Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида содир бўлган автобус ёнғинида ҳалок бўлганлар ҳоки билан Наманган халқаро аэропортига қўнди.
 
Марҳумлар вилоят ишчи комиссияси томонидан юқори даражада кўрилган ташкилий-чора тадбирларга асосан вилоят соғлиқни сақлаш тизими тасарруфидаги замонавий тез тиббий ёрдам автомашиналарида тезкорлик билан Тўрақўрғон ва Косонсой туманларидаги мотамсаро хонадонларга етказиб борилди.
 
Ҳалокат қурбонларининг бир вақтнинг ўзида ўқилган жаноза намозида аҳоли билан бир қаторда вилоят ва туманлар раҳбарияти, кенг жамоатчик вакиллари ҳам иштирок этиб, бевақт ҳалок бўлган йигитлар ҳақига дуои фотиҳа қилди. 
 
Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг Наманган вилоятидаги вакили Абдулхай Турсунов, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлимининг раиси Икромхон Нажмиддинов, вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров вилоят аҳли номидан марҳумларнинг ота-онаси ва бошқа яқин қариндошларига ҳамдардлик изҳор қилиб, сабр-бардош тилади. 
Акрамжон Сатторов, ЎзА
Read 3999 times

Янгиликлар

Top