Ўзбекистон янгиликлари

Шаҳрисабзга тезюрар поезд боради
Шаҳрисабз шаҳрига ташрифи доирасида Президентимиз Оқсарой майдонидаги «Коба» маданият мажмуасида вилоят иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга қаратилган лойиҳалар билан танишди.
 
Лойиҳалар иқтисодий жиҳатдан ранг-баранг бўлиб, барчаси аҳоли фаровонлиги ва турмуш даражасини юксалтиришга қаратилган.
 
Дастлаб, Қашқадарё вилоятида 2018-2019 йилларда туризм инфратузилмаси объектларини барпо этиш режаси тақдим қилинди. Режага кўра, 167 та лойиҳа амалга оширилади. Хусусан,замонавий меҳмонхоналар ташкил этиш, транспорт хизматлари кўрсатиш, дам олиш ва кўнгилочар ҳудудлар ташкил этиш, тарихий-маданий обидаларни таъмирлаш кўзда тутилган. «Ўзбектуризм» компанияси томонидан тақдим этилаётган лойиҳалардан яна бири эко ва этно туризмни ривожлантириш, Амир Темур туғилган масканни туризм масканига айлантиришга қаратилган. 
 
Давлатимиз раҳбари бугун дунёда кўплаб давлатлар бу соҳани ўзлаштириб, катта даромад олаётганини таъкидлар экан, юртимиздаги мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш бўйича топшириқлар берди.
 
Яна бир муҳим ташаббус Қашқадарё вилояти кўп қаватли уй-жой фондини таъмирлаш дастурини амалга ошириш ҳамда хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган. Вилоятда жами 1 минг 656 та кўп қаватли уй-жой бўлиб, уларга 151 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати хизмат кўрсатади. Маълумотларга кўра, ўтган йили 346 та кўп қаватли уй-жой таъмирланган. Тижорат банклари томонидан 13 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилган. Жорий йилги дастурда 48,1 миллиард сўм жалб этиш кўзда тутилган.
 
Қашқадарё вилояти бўйича асосий иқтисодий кўрсаткичлар ва солиқ тўловчилар сони, йирик корхоналар томонидан бюджетга тўланадиган тўловлар, жорий йилги прогноз кўрсаткичлар ҳақидаги маълумотлар навбатдаги тақдимотда намойиш этилди.
 
Шавкат Мирзиёевга жисмоний шахсларнинг кўчмас мулк объектлари ва ер майдонларини ҳисобга олиш ва солиқ ундириш ҳисобидан бюджетга тушумлар, туман ва шаҳар солиқ инспекцияларининг намунавий тузилмалари тўғрисидаги лойиҳаларни соҳа раҳбарлари тақдим қилди. Давлатимиз раҳбари бу борада уларнинг таклифларини тинглар экан, бу борада зарур кўрсатмалар берди, таклифлар билдирди.
 
Вилоятда ичимлик суви таъминотини яхшилаш лойиҳасида ичимлик суви олиш иншоотларини қуриш, 77 километр магистральтармоғи, 162 километр ички тармоқ тортиш, 16 та сув тақсимлаш иншооти қуриш кўзда тутилган. Тошгузар-Шаҳрисабз-Китоб темир йўлини модернизация қилиш ва электрлаштиришни назарда тутувчи лойиҳа Шаҳрисабз шаҳригача тезюрар поезд қатновини йўлга қўйишни кўзда тутади.
 
Бугунги кунда вилоят аҳолиси тоза ичимлик суви билан тўла таъминланмагани ачинарли ҳолат, деди Президентимиз. Бу долзарб масалани қисқа вақтда ҳал қилиш учун бор имкониятимизни ишга солишимиз лозим.
 
Шаҳрисабз шаҳри ва туманида меҳнат бозорини барқарорлаштириш бўйича йўл харитасига алоҳида эътибор қаратилди. Лойиҳада вақтинча ишсизлар ҳақида маълумот, касбга ўқитиш марказларини ташкил этиш, касбларга бўлган талаб каби маълумотлар ўрин олган.
 
Президентимиз иш билан банд бўлмаган фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бугунги кунинг муҳим масаласи эканини алоҳида таъкидлади.

 

Абу Бакир Ўрозов, ЎзА
Манба: http://uza.uz
Read 3526 times

Янгиликлар

Top