Ўзбекистон янгиликлари

Малайзия элчиси: “Хайр эмас, кўришгунча деймиз”

3 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Малайзиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дато Норъаини бинти Абдулхамид хонимни қабул қилдилар.
Учрашувда дастлаб муфтий ҳазратлари сўз олиб, элчи хонимнинг фаолияти давомида Ўзбекистон ва Малайзия давлатлари ўртасида кўп ишлар қилингани, ушбу мамлакатдан диний уламолар ташриф кўпайгани ва зиёрат туризми бўйича сайёҳлар сони ортганини билдирдилар. Жумладан, Жаҳор штати дин ишлари бўйича қўмита раиси билан ҳамкорлик алоқалари яхши йўлга қўйилганини алоҳида қайд этдилар.


Муфтий ҳазратлари элчи хонимнинг фаолияти даврида муҳтарам Президентимиз томонларидан улкан ишлар амалга оширилгани ва кенг кўламли ислоҳотларнинг гувоҳи бўлганини мамнуният билан баён қилдилар. Жумладан, зиёрат туризмини ривожлантириш борасида кўп ислоҳотлар амалга оширилаётгани, масалан, меҳмонхоналар қуриш, мўмин-мусулмонлар учун мавжуд шароитларни ҳозирлаш, йўл ёқаларида намозгоҳлар барпо этиш, аэропортларда намозхоналар ташкил этиш каби ишларнинг барчаси хориждан ташриф буюрадиган меҳмонлар учун эканини сўзлаб бердилар.
Мулоқот давомида муфтий ҳазратлари бир тарихий воқеани шундай ҳикоя қилиб бердилар:
– шу ўринда бир нарса ёдимга тушди. Мен Самарқанд вилоятида имом-хатиб бўлиб, 30 йил ишладим. Кўп давлат раҳбарлари билан учрашдим. Айниқса, 1987 йилда Малайзия бош вазири Муҳаммад Мухатир жаноблари билан бўлиб ўтган учрашув ҳамон ёдимда. У кишининг олийжаноблиги, оқил ва доно сиёсатчи экани менда жуда катта таассурот қолдирган.
Элчи хоним жавоб сўзида, уч йиллик фаолияти даврида Ўзбекистонда жуда катта ўзгаришлар ва тарихий воқеалар бўлганини сўзлаб берди. Ҳақиқатан муфтий ҳазратлари таъкидлаганларидек, икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ривож топгани, зиёрат туризми бўйича келадиган меҳмонлар сони 5 минг нафаргача кўпайганини алоҳида қайд этди.

Дато Норъаини бинти Абдулхамид хоним муҳтарам Президентимизнинг зиёрат туризмига катта йўл очишлари хориж давлатлари учун жуда катта имконият бўлганини гапирди. Эндиликда чет элликлар Имом Бухорий, Баҳоуддин Нақшбанд каби алломалардан ташқари Имом Термизий, Абу Муин Насафий каби янги обод этилган қадамжоларни ҳам зиёрат қилиш имконияти пайдо бўлгани яхши янгилик эканини айтди. Шунингдек, Малайзия ҳаж ишлари вазирлиги билан ҳамкорлик ва Ўзбекистондаги қўлёзмаларни тадқиқ этишдаги алоқалар икки томон учун ҳам фойдали бўлишини маълум қилди.
Элчи хоним ўзининг Ўзбекистондаги фаолияти тугаши билан юртига қайтиб кетаётгани, лекин мана шундай ҳамкорлик ишлари жадал давом этишини тилади. Шунингдек, ҳар бир ўзбекистонлик учун энди Малайзияда бир яқин дўсти борлигини айтиб, уларни ўз уйида меҳмон қилишидан бахтиёр бўлишини изҳор қилди. Сўзининг якунида “Хайр эмас, кўришгунча деймиз”, деб ўз фикр-мулоҳазаларини якунлади.
Муфтий ҳазратлари элчи хонимнинг меҳнат даври тугаб, ўз ватанига қайтиб кетаётгани билан қутлаб, албатта, келгусида туризм, ҳаж ва умра ишлари, таълим соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича Малайзия давлатига сафарлар режалаштирилганини маълум қилдилар.
Учрашув дўстони ва самимий руҳда ўтди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идора Матбуот хизмати

Read 3850 times

Янгиликлар

Top