Ўзбекистон янгиликлари

Умра зиёратчилари Макка шаҳрига етиб боришди

Кеча, 4 февраль куни Саудия Арабистонида умра зиёратида бўлиб турган зиёратчиларимизнинг дастлабки гуруҳлари Макка шаҳрига етиб боришди. Улар меҳмонхонага жойлашгандан сўнг Масжиди Ҳарамдаги Байтуллоҳни тавоф қилиб, Сафо ва Марва орасида саъй ҳамда соч қисқартириш амалларини ҳам бажариб олишди.
Эслатиб ўтамиз, бу мавсум давомида зиёратчиларимизга Саудия Арабистонида 12 нафар ишчи гуруҳи, 12 нафар ошпаз ва 21 нафар шифокорлар гуруҳи хизмат кўрсатади.
Ўн кунлик умра сафари давомида зиёратчиларимиз Мадина шаҳрида 3 кун бўлиб, “Масатул Бустан” меҳмонхонасида истиқомат қилишади. Макка шаҳрида эса “Аброжул Кисва” меҳмонхонасида зиёратчиларимиз 7 кун давомида бўладилар.
Умра зиёратига тайёргарлик доирасида барча зиёратчилар мавсумий касалликларга қарши эмланиб, давлатимиз рамзи туширилган камзул ва сумкалар билан таъминланди. Сафар олдидан уларга умра сафарининг моҳияти, уни адо этишга доир масалалар гуруҳ раҳбарлари томонидан тушунтирилди ва зиёрат ҳақида тўлиқ маълумот берувчи қўлланма ва диск берилди.
Зиёратчиларимизга барча амалларини мукаммал адо этиб, Яратганнинг даргоҳида қабул қилинишини сўраб қоламиз.

 

Муҳаммад-Акмалхон Шакиров,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Халқаро алоқалар бўлими мудири

ЎМИ матбуот хизмати

Read 5192 times

Янгиликлар

Top