Ўзбекистон янгиликлари

Қашқадарёда ҳам қорилар мусобақаси бошланди!

5 февраль куни Қашқадарё вилоятида ҳам Қуръон мусобақасининг ҳудудий босқичига оқ фотиҳа берилди. Ушбу вилоятдаги мусобақага ҳам жуда катта тайёргарлик кўрилган. Маълумки, мазкур заминдан олиму уламолар, аҳли тариқатлар ва фақиҳу фуқаҳолар жуда кўплаб чиқишган. Масалан, Қуръони карим ва тасаввуфга оид нодир асарлар муаллифи Абу Ҳафс Насафий, калом илмини такомилга етказган Абу Муин Насафий, фиқҳшунос олим Абул Баракот Насафий шулар жумласидандир. Манбаларда келтирилишича бу диёрдан 300 га яқин дунё эътироф этган Насафий олимлар етишиб чиққан.
Соҳибқирон Амир Темур томонидан 1378-1379 йилларда Шаҳрисабзда бунёд этилган “Оқсарой” мажмуи ҳамда “Лангар ота”, “Султон Мирҳайдар”, “Ҳусам ота”, “Ҳазрати Башир” ва “Исоқ ота” каби зиёратгоҳлар ҳам кўпчиликка маълум ва машҳурдир.
Ана шундай буюк аллома ва азиз авлиёларнинг ҳоки поклари қўним топган табаррук заминда бугун Аллоҳнинг каломини тиловат қилиш бўйича мусобақалар бошланди.
Муҳтарам Қуръон ихлосмандлари, Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидаги “Ёшлар ижод уйи”да мусобақанинг ҳудудий босқичлари бошланди. Барчани ушбу мусобақага таклиф этамиз.
Бизнинг muslim.uz портали ва ижтимоий тармоқларни кузатиб боринг. Шаҳрисабздаги мусобақага оид фоторепортаж ва таъсирли лавҳаларни бериб борамиз.

 

 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 3094 times

Янгиликлар

Top