Ўзбекистон янгиликлари

Эртага Фарғонада Қуръон мусобақаси бошланади

Азиз Қуръонга ошно қалб эгалари, эртага Фарғона вилоятининг бир неча туманларида Қуръон мусобақаси ҳудудий босқичларига оқ фотиҳа берилади. Айни дақиқаларда мусобақага тайёргарлик жуда ҳам авжида. Сабаби Республикамиз бўйича қорилар мусобақасида иштирок этишни истаганларнинг энг кўпи айнан шу заминга тўғри келади. Уларнинг сони жами 1237 нафар бўлиб, шундан 711 эркак ва 526 аёл ташкил этади.
Маълумки, Фарғона деганда, қадимий қадриятлар ва маданиятни ўзида мужассам этган Марғилон, Қўқон, Қува сингари қадимий шаҳарлар ҳамда юртимиз шуҳратини дунёга ёйган Аҳмад ал-Фарғоний, Бурҳониддин Марғиноний сингари буюк алломалар сиймоси кўз олдимизда намоён бўлади. Машҳур китоб саналган “Ҳидояи шариф” нинг муаллифи Бурҳониддин Марғиноний ҳазратлари айнан мана шу масканда туғилиб, яшаб ижод этганлари ҳаммамизнинг фахру ғуруримиздир. Фарғонада кўпчиликка маълум ва машҳур бўлган зиёратгоҳлар қаторида “Хожа Аттор”, “Бобо Аҳтам”, “Шермуҳаммад Охунд”, “Биби Убайда”, “Абдуллоҳ Ансорий”, “Хожа Абулқосим”, “Хожа Муродбахш”, “Бобо Қамбар”, “Валихон тўра” каби муборак қадамжоларни мисол қилиш мумкин.
Бу табаррук заминдан етишиб чиққан буюк аждодларимизнинг илмий ва маънавий мерослари асрлар давомида инсоният тараққиётига хизмат қилган. Энди кўрамиз, эртага ушбу диёрнинг қори ва қория йигит-қизлари бизларни қандай лол қолдиришар экан. Балки улар аждодларидан ўтиб, бизга кутилмаган ажойиботларни туҳфа этишар. Барча-барчасига эртага гувоҳ бўламиз, иншоаллоҳ.
Зеро, Қуръонга бўлган муҳаббат Аллоҳга нисбатан бўлган муҳаббатнинг аломатидир. Қуръон нозил қилинган Пайғамбар алайҳиссаломга бўлган муҳаббат эса Қуръонга нисбатан бўлган муҳаббатнинг белгисидир.
Шундай экан, бизнинг muslim.uz портали ва ижтимоий тармоқларни кузатиб боринг, Аллоҳнинг каломига бўлган ихлосингизни бойитинг.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 3461 times

Янгиликлар

Top