Ўзбекистон янгиликлари

Олтиариқдаги қорилар мусобақаси бир умр ёдда қолади

Қуръонни саодат манбаи қилган жаноби Ҳақ таолога ҳамдлар бўлсинки, қорилар мусобақаси қайси туман-шаҳар ёки қишлоқ-овулларда бўлмасин, кишиларимизнинг Аллоҳ каломига бўлган муҳаббати беқиёс экани яққол намоён бўлмоқда. Ҳаво ҳароратининг совуқлиги, иш ёки дам олиш куни экани, эрта ё кеч бўлишига қарамай мухлис бандалар Қуръон тиловатидан бир зум ҳам узилмасликка интилишмоқда.
Бугун Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида файзу футуҳ ила давом этаётган қорилар мусобақаси энг мароқли ва жуда ҳам илоҳий лутфларга бой бўлмоқда. Кексаларимизнинг юз-кўзидан нур ёғилмоқда, қориларнинг савтидан барака тўкилмоқда.
Албатта, Каломуллоҳ тиловатидан қалблар шифо топади, руҳимиз қувват олади, синиқ кўнгиллар тикланади. Қуръони каримда: “Биз Қуръондан мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган оятларни нозил қилурмиз...”, деб марҳамат қилинган (Исро, 82).
Ҳақиқатан Қуръон қалблар шифосидир. Каломуллоҳни имон ва ихлос билан эшитган одамнинг қалби иллатлардан покланади. Инсоннинг гавҳари бўлмиш қалб тузалдими, бошқа ҳамма аъзо яхши бўлади. Кўнгли пок инсон ҳаромдан ҳазар қилади, солиҳ амалларда бардавом бўлади.
Қадрли биродарларимиз, эртага 7 февраль куни Олтиариқ туманидаги қорилар мусобақасини энг юқори нуқтага олиб чиқиш учун ташкилий гуруҳ ушбу туманга сафарбар этилди. Ушбу мутасаддилар мусобақани бутунлай ўзгача кайфиятда давом эттиришларига ишончимиз комил.
Шундай экан Қуръон ошиқлари, сизлар ҳам биз билан эртага Олтиариқ туманидаги мусобақанинг ўзига хос ҳаяжонли онларини ва бир умр ёдда сақланиб қоладиган, қайноқ лаҳзаларини бирга кузатинг. Ҳеч бўлмаганда, афсус чекмай десангиз, muslim.uz портали орқали жонли кузатинг. Барчамизга Жаноби Ҳақнинг баракоти бўлсин.
Сўзимизни бир ошиқ шоирнинг тўртлиги билан якунлашни лозим топдик:
Қуръон нурдир, замирингни ёритгайдир,
Раҳмат, шифо: дардларингни аритгайдир,
Раббим Аллоҳ Ўзин гўзал танитгайдир,
Умрим ирфон бўлсин десанг, Қуръон ўқи.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 3633 times

Янгиликлар

Top