Ўзбекистон янгиликлари

Қалбда чўғ бўлса, совуқ ўтадими!..

Қуръон мусобақаси авж палласига кирди. Тўғриси, бу мусобақанинг халқимиз катта қувонч билан кутиб олиши олдиндан маълум эди-ю, аммо унинг бунчалар катта шодиёнага айланиб кетишини ҳеч ким кутмаган эди. Диний идора котибияти мудири Улуғбек Султон айтади: “Мусобақа Фарғонада бўлган куни, 8 февралда шу қадар қаттиқ совуқ бўлдики, масжиднинг ичи ҳам жуда иссиқ эмас, ташқарисини гапирмаса ҳам бўлади, аммо одамлар қилт этмай ўтирибди. Биз илиққина сувга таҳорат қилиб, иссиққина масжидларда ўтириб ўрганган одамлар музлаб қолай дедик. Лекин совуқ уларга ҳам ўтиб кетяпти. Бироқ Қуръони каримнинг ҳурматини сақлаб бир киши ўрнидан туриб кетмади, субҳаналлоҳ!

 

 

Ундан чиқиб таҳоратни маҳкам ушлаб Бувайдага йўл олдик. Таҳорат оламан десангиз, совуқ сув танингизнинг теккан жойини кесиб ўтиб кетади. Борсак, аллақачон масжид тўлиб олган, ҳовлида ҳам икки юз чоғли одам ўтирибди. Айни аёз қисадиган чоқ – аср билан шомнинг ораси. Қуръон ўқиляпти, ўтирганлар бошини ерга солиб тинглаб ўтирибди. Баъзиларининг кўзлари жиққа ёшга тўлган…

Бу одамлар нега бу ерда ўтирибди? Шу қорасовуқда ўтириш нима зарур уларга? Уларга бунинг учун биров бир нарса берадими – пул-мул, ош-нон дегандек!..

Йўқ, азизлар, улар бу нарсалардан ортиғини истаб ўтирибди ва у истаганларини қўлга киритяпти.

Ташқари қанча совуқ бўлса-бўлсин! Аммо уларнинг қалбида қайноқ муҳаббати бор. Аллоҳ таолонинг Каломига бўлган муҳаббат оташи қалбига ўрнашган киши унча-мунча совуқни писанд қилармиди!

Пулингиз, молингиз, ошу нонингиз нима бўлибди, улар бу ерда ўтириб бир дунё савоб олаяпти.

Айтинг-чи, дунёда қайси мусобақа томошабини бунчалик савобу ажру мукофотлар олади, гўзаллар конкурсига томошабинларими?..

Қўқонда қизиқ воқеага гувоҳ бўлиб қолдик. Масжидга кираверишда ҳуқуқ-тартибот ходимлари (милиция, яна кимлардир) туриб олиб, одамларни паспорт билан киритяпти. Тўсиқ атрофида бир гуруҳ 10-15 ёшдаги болалар ичкарига кирамиз деб турибди. Диққат қилиб назар солсак уларга рухсат берилмаяпти экан. Болаларнинг боши хам бўлиб қайтаётганини кўриб биз ҳуқуқ-тартибот ходимлари билан гаплашмоқчи бўлдик. Аммо бизнинг саволларимизнинг жавоби юқорига қараб кетаверди-ю, аммо шахси аниқ бўлмади. Бундан бир иш чиқмаслигини кўриб ҳафсаламиз пир бўлганини кўрган ўсмирлар “Амаки, натижа чиқмаган бўлса ҳам биз учун ҳаракат қилдингиз, раҳмат сизга”, деб бизга тасалли берди. Биз кетгандан кейин кимдир нимадир деб уялтирганми, ҳартугул, паспортсиз келганларни  ҳам, Қуръонни эшитаман деб келган болаларни ҳам масжиднинг ичкарисига олибди-ю, барибир, иккинчи қаватга чиқишларига изн бермабди. Майли шунисига ҳам шукр. Совуқда кўчада тургандан кўра ичкарида турган, албатта яхши.

Ҳа энди катта шаҳарларда кичик кўнгилсизликлар ҳам бўлиб туради. Бундай ҳодисаларга чалғимаганимиз яхши. Вилоятлар, шаҳарлар орасидаги катта-катта ҳайбатли тўсиқлар олиб ташланди, лекин одамларимиз онгидаги тўсиқларни олиб ташлаш учун ҳали анча ишлашимизга тўғри келар экан. Энг муҳими, мусобақа чиройли тарзда ўтяпти-ку, унинг орасида, якунида қалбдан дуолар қилинмоқда, бу илтижоларни Аллоҳ даргоҳида ижобат қилади, деб умид қиламиз, тўғрими!”

Улуғбек аканинг совуқни одамлар писанд қилмаётганини гапиргани “Қиссаи Машраб”да келган бир воқеани эсга солди.  Бобораҳим Машраб қаҳратон совуқда Қуръони каримни кўксига босиб  одатига биноан оёқяланг Тошкентга қараб жўнабди. Бир чапдаст ўғри уни кўриб қолибди. Қараса, бир давреш оёқяланг қорда кетиб бораётган эмиш. “Бу кетишда у бир жойда музлаб ўлиб қолади, Қуръони оламанда бозорда сотиб юбораман”, деб хаёл қилибди. Шу ўй билан Машрабнинг ортидан пойлаб кетаверибди.  Кеч тушибди. Машраб ўтин терибди-да олов ёқиб устига чиқиб ўтириб олибди, кейин панада пойлаб турган ўғрига қараб: “Ҳой, кел бу ёққа, бўлмаса музлаб қоласан”, дебди.

Қуръон мусобақаси бошланади деб юрган кезларимиз эди,  “muxlis.uz”  сайтида бир хабар ўқиб қолдим. Даниядан Истанбулга саёҳатга келган бир оила “Мармара” метросидан чиққан экан, ўша ердаги масжидда чақирилган азонни эшитиб қолиб мусулмон бўлибди: ота-она ва уларнинг учта фарзанди.

Буни қаранг, биргина азонни эшитиб бешта одам исломга кирибди, ҳидоят топибди. Бизнинг юртимиз бўйлаб жаранглаётган Қуръони карим оятлари азалдан мусулмон бўлган, Қуръони каримни ўқиб, тинглаб, унинг маъноларидан хабардор бўлиб юрган одамларнинг қалбига қанчалик таъсир қилганини тасаввур қилинг!

Шундай ажойиб мусобақа ташаббускор бўлган президентимиздан, бу ишларга бош бўлиб турган муфтий ҳазратларидан қанчалик миннатдор бўлсак оз.

Бунда ҳаммани қувонтирган ҳодиса шу бўлдики, қориларимиз ва томошабинларимиз тахмин қилинганидан бир неча баробар кўп бўлиб чиқди. Ана шунинг ўзи юртнинг саодати эмасми!..  

 

Дамин ЖУМАҚУЛ 

Read 4999 times

Янгиликлар

Top