Ўзбекистон янгиликлари

Имом Бухорий мажмуаси атрофида 30га яқин меҳмонхона мажмуалари қурилади

Ўзбекистон туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Дилшод НАРЗИҚУЛОВ. “Зарафшон” нашрига берган интервьюсида юртимиз зиёрат туризми йўналишида катта салоҳиятга эга эканини таъкидлаган.

Унинг айтишича, мусулмонлар зиёрат қилиши лозим бўлган бир неча ислом дини ва таълимоти вакиллари, силсилаи олийга мансуб авлиёлар ҳамда бошқа улуғ зотларнинг мақбаралари Самарқандда жойлашган.  

– Хусусан, Қуръони каримдан кейинги иккинчи муқаддас китоб муаллифи Имом Бухорий, дунёдаги энг катта калом мактабларидан бири – мотрудия йўналиши асосчиси Имом Мотрудий, силсилаи олийга мансуб Хожа Аҳрори Валий, Пайғамбаримизнинг амакиваччаси Қусам ибн Аббос ва бошқа улуғ зотлар мақбаралари шу ердадир. Ушбу зиёратгоҳлар сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган қадамжолар ҳисобланади. Масалан, Имом Бухорий ва Шоҳи Зинда мажмуаларини 2017 йилда 1 миллион 200 мингга яқин сайёҳ зиёрат қилди. Вилоят ҳокимининг ўринбосари республика ишчи гуруҳи таркибида Малайзия ва Индонезияда хизмат сафарида бўлиб, Самарқанднинг зиёрат туризми йўналишидаги имкониятлари, улуғ алломаларимиз меросини тарғиб қилган эди. Сафар давомида ўтказилган музокаралар ўз самарасини бера бошлади. Ўз навбатида вилоят ҳокимлиги манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда зиёрат туризми йўналишида сайёҳларни қабул қилиши белгиланган барча объектлар инвентаризациядан ўтказилиб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича ишлар бошлаб юборилди. Зиёрат туризмини ривожлантиришда мусулмон давлатлари вакиллари фикрларини ҳам олдик. Масалан, Индонезия ва Малайзия давлатлари мутахассисларидан қурилиши белгиланган меҳмонхоналар бўйича таклиф ва тавсиялар олинди. Ўша томонлардан келадиган сайёҳлар учун таомномада нон ўрнига қайнатилган гуруч ва аччиқ қалампир бўлиши шарт экани, ресторанларимиз ҳалол таомлар тайёрлашса ҳам "ҳалол" сертификати бўлмаса, хорижлик сайёҳларни қониқтирмаслиги, санитария-гигиена узелларига алоҳида талаблар борлиги ва бошқа жиҳатлар аниқланди. Туркия фуқаролари хоналарида "бидэ", япониялик меҳмонлар учун ванна ва душ алоҳида бўлиш бўйича талаблари инобатга олинди. Зиёратчиларнинг сони кескин ошиши кутилаётганидан хабардор бўлган тадбиркорлик субъектлари бунга катта қизиқиш билдирмоқда. 2018 йилда 4 та янги ресторан ва кафе қурилади. Ҳозирда вилоятдаги барча меҳмонхона ва бошқа жойлаштириш воситаларида энг камида 30 фоиз хоналари зиёратчилар учун қулайликлар яратиш мақсадида қиблага қаратилган кўрсаткич, жойнамоз ва бошқа зарурий жиҳозлар билан жиҳозланди, – дейди Нарзиқулов.

Унинг айтишича, вилоят ҳокимлиги туризм соҳасининг тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорликда ўтказган сўровномалар шуни кўрсатдики, аксарият сайёҳлар Ўзбекистонга кириш учун виза олиш қийинлигидан шикоят қилган.

– Президентимизнинг бир қатор давлатлар фуқаролари учун визасиз режимни жорий этишга доир фармони билан Исроил, Индонезия, Корея, Малайзия, Сингапур, Туркия ва Япония фуқаролари, шунингдек, мамлакатимизга мунтазам авиақатновларни амалга оширувчи хорижий авиакомпаниялар ҳаво кемалари экипажининг аъзолари учун Ўзбекистон ҳудудига кирган кундан эътиборан 30 кунлик муддатга визасиз режим жорий этилди.

Ушбу давлатлар фуқаролари учун виза режимининг бекор қилиниши Ўзбекистонга, хусусан, Самарқанд вилоятига ташриф буюрадиган хорижий сайёҳларнинг сони кескин ошишига олиб келади. Айниқса, Индонезия, Туркия ва Малайзия давлатлари фуқароларини зиёрат – туризм йўналишига кенг жалб этишга замин яратади. Бу борада вилоятда катта тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, Имом Бухорий мажмуасида кўплаб зиёратчиларни қабул қилишга тайёргарлик ишлари аллақачон бошлаб юборилган. Зиёратчиларни қабул қилиш учун мажмуа атрофида 40 гектар майдонда мусулмончилик талаблари ва "ҳалол" стандартларига асосан 30 га яқин меҳмонхона мажмуалари, овқатланиш шохобчалари, дам олиш масканлари, хиёбонлар, боғлар ва бошқа зарурий инфратузилма иншоотлари қуришга тайёрланмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 февралдаги "Кириш туризмини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори билан жорий йилнинг 1 майидан бошлаб транзит бўйича ҳаракатланаётган хорижий йўловчиларга келишлари билан 72 соатга қисқа муддатли кириш визаларини бериш жорий этилади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитада Зиёрат туризмини қўллаб-қувватлаш бўлими ташкил этилади. Туристлар учун йўналишни мўлжалга олишни енгиллаштириш мақсадида чет тиллардаги (инглиз, рус ва бошқа тилларда) кўрсаткичлар ўрнатилади. Туристларнинг жамоат жойлари, бино ва иншоотларни фото ва видео суратга олишида чеклов бўлмайди, – дея сўзини якунлади Нарзиқулов.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

 

Read 3245 times

Янгиликлар

Top