Ўзбекистон янгиликлари

Республика "Маҳалла" хайрия жамоат фонди ва “Нуроний” жамғармаси фаолларининг тўйлар, оилавий тантаналар ва бошқа маросимларни ортиқча сарф-харажатсиз, дабдабасиз ўтказиш юзасидан мамлакатимиз халқига мурожаати қабул қилинди.

Кейинги пайтларда тўйлар, оилавий тантаналар, турли маросимларни ўтказишда шуҳратпарастлик, атрофда яшаётган одамларнинг ҳол-аҳволини инобатга олмаслик, халқимизнинг асрий урф-одатлари ва анъаналарини менсимаслик каби иллатлар оммалашмоқда. Тараққиётимизга катта тўсиқ ва ғов бўлиб келаётган дабдабабозликка барҳам бериш, тўй-маъракаларни ихчам, замонавий кўринишда ўтказиш ўрнига, керак-нокерак тадбирларни ўйлаб топиш, ҳаддан зиёд исрофгарчиликка йўл қўйиш ҳолатлари кучайиб бормоқда.

Пул топиб, ақл топмаган, маънавий савияси паст айрим кимсалар, айниқса, оёғи ердан узилган баъзи мансабдорлар бу борада одоб-ахлоқ мезонларини мутлақо унутиб, жамиятдаги мавқеини, бойлигини кўрсатиб қўйиш каби худбин мақсадларни кўзлаётгани ҳам бор гап. Бундай ҳолатлар ёшларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатиб, уларда ҳалол меҳнатга беписанд муносабат ва енгил-елпи ҳаёт кечиришга уриниш, манманликка берилишнинг кучайишига сабаб бўлмоқда.

Тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ортиқча сарф-харажатлар минглаб оилаларнинг моддий аҳволи ёмонлашувига, уларнинг қарз ва ғам-ташвиш ботқоғига ботишига, энг хавфлиси, жамиятимизда қарор топган маънавий муҳитнинг бузилишига олиб келмоқда.

Тўй ва маросимлар шахсий иш эмас, мамлакат ва миллат тақдирига дахлдор ижтимоий аҳамиятга эга масаладир. Шу сабабли халқимизнинг табиатига мутлақо ярашмайдиган, оилаларнинг моддий аҳволини оғирлаштирадиган, уларнинг турмушини издан чиқарадиган бундай бемаъни ҳолатларга барҳам беришни ҳаётнинг ўзи талаб қилмоқда.

Тадбирда бир кунлик тўй деб, бутун умр йиққанини совуриш, озиқ-овқат маҳсулотлари ва ноз-неъматларни исроф қилиш, сохта обрў орттиришга қаратилган ишлар ўрнига бева-бечораларга, ночор инсонларга, муҳтож ва эҳтиёжманд оилаларга ёрдам бериш мақсадга мувофиқ эканлиги айтилди.

Шунингдек, анжуманда ҳар бир маҳаллада кўпни кўрган нуроний отахон ва онахонлар бош бўлиб, тўйларни ихчам, камчиқим, оддий тарзда ўтказиш бўйича меъёр ва мезонларни ишлаб чиқиш, уларга қатъий амал қилиш бўйича ҳудудий, туман ва шаҳар кенгашларига аниқ тавсия ва тегишли топшириқлар берилди. Бундай маросимларни ўтказишда ҳаддидан ошган кимсаларни – уларнинг мавқеи ва лавозимидан қатъий назар – маҳалла фуқаролар йиғинига таклиф этиб, обрў-эътиборли кишилар, имом-хатиблар, кенг жамоатчилик иштирокида танқидий муҳокама қилиш, маслаҳат бериш ва тўғри йўлга солиш зарурлиги тушунтирилди, деб ёзади ЎзА.

Қуйида эътиборингизга ушбу Мурожаатнинг тўлиқ матнини эътиборингизга ҳавола этамиз:

Республика “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва “Нуроний” жамғармаси фаолларининг Мурожаати!

Ҳурматли юртдошлар!

Муҳтарам отахон ва онахонлар!

Қадрли ёшлар!

Мамлакатимизда инсон манфаатлари ва турмуш фаровонлигини таъминлаш, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш, ёш оилаларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш йўлида катта ишлар амалга оширилмоқда.

Бу борада халқимизнинг эзгу қадриятларини ўзида мужассам этган, одамларимизни бирлаштириш, улар ўртасида ўзаро аҳиллик ва меҳр-мурувват туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган тўй ва маросимлар муҳим ўрин тутади. Шу маънода, бундай тадбирлар эл-юртимизнинг маданияти, маънавий савияси даражасини яққол кўрсатувчи омиллардан бири, десак янглишмаймиз.

Афсуски, кейинги пайтларда тўйлар, оилавий тантаналар, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказишда шуҳратпарастлик, ўзини кўз-кўз қилиш, атрофда яшаётган одамларнинг ҳол-аҳволини инобатга олмаслик, халқимизнинг урф-одатлари ва анъаналарини менсимаслик каби салбий иллатлар кўзга ташланмоқда.

Ушбу долзарб масала неча ўн йиллардан бери халқимизнинг ўткир муаммоларидан бири бўлиб келмоқда. ХХ аср бошида жадид боболаримиз тўй-маъракаларимиздаги исрофгарчилик ва дабдабабозликнинг миллатимизни маънавий таназзул ва қашшоқликка етаклайдиган иллат экани ҳақида куюниб ёзганларини эслайлик. Улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий миллатимиз тараққиётига тўғаноқ бўладиган икки нарса бор: бу – тўй ва азадир, деб айни ҳақиқатни ёзган эди.

Афсуски, йиллар ўтса-да, замон ўзгариб бораётган бўлса-да, миллий тараққиётимизга катта тўсиқ ва ғов бўлиб келаётган бу иллатга барҳам бериш, тўй-маъракаларни ихчам, замонавий кўринишда ўтказиш ўрнига, тўйдан олдин ва кейин бўладиган керакли-кераксиз тадбирларни ўйлаб топиш, дабдабабозлик қилиб, ҳаддан зиёд исрофгарчиликка йўл қўйиш ҳолатлари тобора кучайиб бормоқда.

Пул топиб, ақл топмаган, маънавий савияси паст айрим кимсалар, айниқса, оёғи ердан узилган баъзи мансабдорлар бу борада ахлоқ-одоб мезонларини унутиб, ўзларининг жамиятдаги мавқеини, бойлигини кўрсатиб қўйиш каби худбин мақсадларни кўзламоқда.

Энг ёмони, бундай ҳолатлар ёшларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатмоқда. Уларда ҳалол меҳнатга нисбатан беписанд муносабат ва енгил-елпи ҳаёт кечириш, манманликка интилишнинг кучайишига сабаб бўлмоқда.

Тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ортиқча сарф-харажатлар минглаб оилаларнинг моддий аҳволи ёмонлашувига, уларнинг қарз ва ғам-ташвиш ботқоғига ботишига, энг хавфлиси, жамиятимизда қарор топган маънавий муҳитни бузишга олиб келмоқда.

Бундай нохуш ҳолатлар жамоатчиликнинг ҳақли эътирозини уйғотмоқда, оммавий ахборот воситаларида, маҳалла-кўй, аҳоли ўртасида кенг муҳокама қилинмоқда. Лекин кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, афсуски, бу борада жиддий ўзгаришлар кўзга ташланмаяпти.

Муҳтарам отахон ва онахонлар!

Қадрли ватандошлар!

Тўй ва маросимлар шахсий иш эмас, мамлакат ва миллат тақдирига дахлдор ижтимоий аҳамиятга эга масаладир. Халқимизнинг миллий табиатига мутлақо ярашмайдиган, оилаларнинг моддий аҳволини оғирлаштирадиган, уларнинг турмушини издан чиқарадиган бундай бемаъни ҳолатларга барҳам беришни бугун ҳаётнинг ўзи талаб қилмоқда.

Шу муносабат билан биз юртимиз аҳолисига, кенг жамоатчилик, ҳурматли зиёлиларимиз, азиз фарзандларимиз, мутасадди раҳбарларимизга мурожаат қиламиз: ҳар биримиз ўз ҳудудимизда тўй ва маъракалар, оилавий маросим ва бошқа тадбирларнинг ўтказилиши юзасидан жамоатчилик назоратини ўрнатишда фаол иштирок этайлик. Бу борада тарғибот ва тушунтириш ишлари самарадорлиги ва таъсирчанлигини янада кучайтирайлик. Қуръони каримда: “Енглар, ичинглар, лекин исрофгарчиликка йўл қўйманглар. Зеро, Аллоҳ таоло исроф қилгувчиларни севмагай”, деб буюрилган. Бир кунлик тўй деб бутун умр йиққан-терган маблағини совуриш, бандасига ато этилган ноз-неъматни исроф қилиш катта гуноҳ эканини эсдан чиқармайлик. Сохта обрў орттиришга қаратилган бундай ишлар ўрнига бева-бечораларга, ночор инсонлар, муҳтож оилаларга ёрдам берайлик. Хайрли ва савобли ишга қўл урган, етим-есирнинг бошини силаган одам бир умр савоб олишини, халқ ичида доим ҳурмат ва эъзозда бўлишини маҳалладошларимизга, аёлларимиз ва болаларимизга тушунтирайлик.

Ҳар бир маҳаллада кўпни кўрган, кайвони отахон ва онахонлар бош бўлиб, тўйларни ихчам, камчиқим, замонавий қилиб ўтказиш бўйича меъёр ва мезонларни ишлаб чиқайлик ва уларга қатъий амал қилайлик.

Яна бир масала – оилавий тадбирларда санъаткорлар қонун ҳужжатларига мувофиқ шартнома асосида хизмат кўрсатса ва шу тартибга қатъий риоя қилинса, уларнинг масъулияти янада ошади, миллий урф-одатларимиз ва маънавиятимизга мутлақо тўғри келмайдиган куй-қўшиқлар, рақс ва бошқа чиқишларнинг олди олинади. Айни пайтда кўчалар, майдонлар ва бошқа жамоат жойларида турли замонавий техник ускуналар, жумладан, овоз кучайтирувчи воситалардан фойдаланиш атрофдаги инсонларнинг ҳаловатини бузаётганига ҳам бефарқ бўлмайлик.

Бундай тадбирларни ўтказишда ҳаддидан ошган кимсаларни – уларнинг мавқеи ва лавозимидан қатъий назар – маҳалла фуқаролар йиғинига таклиф этиб, обрў-эътиборли кишилар, имом-хатиблар, кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиб, маслаҳат бериб, тўғри йўлга солайлик.

Ҳар бир ишда, жумладан, урф-одатларга амал қилишда ҳам меъёр ва тартиб ҳал қилувчи омил эканини унутмайлик. Ҳаётимизда осойишталик ҳукмрон экан, оилаларимизда, юртимизда тинчлик, хотиржамлик ва фаровонлик барқарор бўлади.

Қадрли опа-сингиллар!

Бугунги кунда мамлакатимизда хусусий тадбиркорлик, фермерлик ҳаракати, юқори технологияларга асосланган замонавий тармоқлар, илм-фан, тиббиёт, таълим-тарбия, маданият ва санъат каби муҳим соҳа ва тармоқлар ривожини сизларнинг иштирокингизсиз тасаввур этиш қийин. Сизлар хонадонларимизда, маҳаллаларимиз, бутун юртимизда ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳитини яратишда доимо фаол бўлиб келмоқдасиз.

Шундай экан, ижтимоий ҳаётимиздаги нуфузингиз ва мавқеингиздан фойдаланиб, тўй ва турли маросим ўтказаётган оилаларга кириб, сарпо, буюм йиғишга ружу қўйиш, ортиқча орзу-ҳавасга берилиш нафақат оила бюджетига, балки ёш оилалар маънавиятининг негизига ҳам жиддий путур етказишини ҳаётий аниқ мисоллар орқали тушунтириб беришингиз лозим.

Бу масалада кўп нарса сиз – аёлларга боғлиқ эканини унутманг.

Азиз ўғил-қизлар!

Сизларнинг ёрқин истиқболингиз учун давлатимиз, ота-оналарингиз барча шароитларни яратмоқда. Ўқиб-ўрганаман, замонавий касбларни эгаллайман, деган мақсад билан яшаётган тенгдошларингиз катта марраларни забт этмоқда. Энг сўнгги техника ва технологияларни бошқармоқда, ривожланган мамлакатларнинг илғор ёшлари билан барча соҳаларда тенгма-тенг беллашмоқда.

Шиддат билан тез ўзгариб бораётган бугунги глобаллашув замонида сизларнинг асосий вазифангиз – замонавий илм-фан ютуқларини, ахборот-коммуникация технологиялари сирларини, чет тилларни пухта эгаллаш, мамлакатимизни ҳар томонлама равнақ топтиришга ҳисса қўшишдан иборатдир. Бугунги дунё тараққиётидан яхши хабардор бўлган XXI аср ёшлари сифатида сизлар миллатимиз шаънига доғ туширадиган бундай салбий иллатларга қарши курашда ташаббус ва фаоллик кўрсатасиз, деб ишонамиз.

Албатта, ҳар бир ота-онанинг энг катта орзу-нияти жондан азиз фарзандининг бахту иқболини кўришдир. Лекин бунга фақат дабдабали тўй қилиш, моддий бойлик тўплаш билан эришиб бўлмаслигини сизлар яхши биласиз. Бунга ҳаётда кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

Аввало, ўзингизнинг, қолаверса, миллатимизнинг шаънини, ота-оналарингиз саломатлигини, бўлғуси оилангиз бахтини ўйлаб, тўйларимизни камтарона, ихчам қилиб ўтказишга ташаббускор бўлинг!

Азиз ватандошлар!

Тўй-маъракалар миллатимизнинг азалий қадриятлари ва анъаналарини намоён этадиган кўзгу экан, уларни юксак маънавий мезонларга муносиб тарзда ўтказайлик. Бу эзгу ишга ҳамма бирдай бош қўшиши лозим, ҳеч ким ўзини четга олиши, менга бунинг дахли йўқ, деб лоқайд бўлиши мумкин эмас. Зеро, не-не машаққатларни, оғир кунларни бир жону бир тан бўлиб мардларча енгиб ўтган донишманд халқимиз одоб-ахлоқ мезонларига ҳам, муқаддас динимиз талабларига ҳам тўғри келмайдиган бундай иллатларга барҳам беришга қодир, деб ишонамиз.

Биз юртимиз жамоатчилигини шу йўлда ҳамфикр ва ҳамжиҳат бўлишга, ушбу долзарб масала муҳокамасида таклиф ва тавсиялар билан фаол иштирок этишга чақирамиз.

Манба: http://www.uza.uz

Read 2927 times

Янгиликлар

Top