Ўзбекистон янгиликлари

Кембриж университети эшиклари ўзбекистонлик тадқиқотчилар учун очилди

Аввал хабар қилинганидек, Буюк Британияда бўлиб турган мамлакатимизнинг бир гуруҳ исломшунос, шарқшунос олимлари 4 март куни Кембриж университетига ташриф буюриб, ушбу нуфузли таълим даргоҳининг профессорлари, шарқшунос олимлари билан учрашувлар ўтказдилар.

Кембриж университетининг Марказий Осиё форуми директори профессор С.Саксена билан Ўзбекистонда янги ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази ҳамда Тошкент ислом университетининг Исломшунослик илмий-тадқиқот маркази ўртасида ҳамкорлик бўйича келишувга эришилди.

Унга кўра, Кембриж университетининг профессор-ўқитувчилари Тошкент ислом университети, Ўзбекистон Ислом академиясининг талаба ва тадқиқотчилари учун махсус маърузалар ўқийди, мамлакатимизда ўтказиладиган халқаро конференцияларда иштирок этади. Ўзбекистонлик тадқиқотчиларнинг илмий мақолалари Кембриж университетининг нуфузли нашрларида чоп этилади. Кембриж ва Ўзбекистон олимлари қўшма илмий гуруҳи ташкил этилади. Ҳамкорликда долзарб мавзулардаги илмий тадқиқотлар амалга оширилади.

Томонлар шунингдек, Кембриж университетида Хоразмий ва Ибн Сино стипендияларини таъсис этиш тўғрисида ҳам келишиб олдилар. Ўзбекистон делегацияси Кембриж университети билан талабалар, амалиётчи тадқиқотчилар алмашуви, ўқув, илмий ва оилавий туризмни йўлга қўйишга тайёр эканини маълум қилди.

С.Саксена Ўзбекистонда буюк алломаларимиз илмий меросини чуқур ўрганиш, ушбу соҳада халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилаётган эътиборни юқори баҳолади.

“Британиядаги қадимий бинолар Оксфорд, Кембриж университети коллежлари Бухоро ва Самарқанд мадрасаларининг меъморий услуби асосида бунёд этилган. Бу икки мамлакат ўртасидаги дўстнома муносабатлар тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалишининг яққол исботидир.

Биз Ўзбекистон билан илмий ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдормиз. Кембриж кутубхонасида сақланаётган туркий, форсий қўлёзмаларни тадқиқ этиб, каталоглар тайёрлайдиган ўзбекистонлик мутахассисларга эҳтиёжмандмиз”, - дейди Кембриж университетининг Марказий Осиё форуми директори С.Саксена.

Мамнуният билан қайд этиш керакки, жорий йилнинг 12 февралидан эътиборан Кембриж университетида ўзбек тили дарслари ташкил этилган. Эришилган келишувларга мувофиқ янги ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистондан келган мутахассислар Кембриж университетида ўзбек тилидан дарс бера бошлайдилар.

Музокаралар якунида икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ишонч ва дўстона муносабатлар барча соҳалар қатори илм-фан йўналишида ҳам жадал ривожланиб бораётганидан мамнуният изҳор қилдилар.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3873 times

Янгиликлар

Top