Ўзбекистон янгиликлари

Бугун Қуръон мусобақаси Қорақалпоғистонда

Бугун, 6 март куни Қорақалпоғистон Республикасида қорилар мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтади. Ушбу мусобақада республика босқичига чиқиш учун туман босқичларида биринчи ўринни қўлга киритган 7 нафар қори, 2 нафар қория жами бўлиб 9 киши ҳаракат қилади.
Маълумки, Қуръон ёдлаш жуда фазилатли амалдир. Ҳадиси шарифларда, Қуръонни қалбга жо қилишнинг фойдалари ҳақида сўз юритилган. Жумладан, қори жаннатда Қуръон оятларини ўқиб, мартабаси кўтарилиб бориши, ёдлаган охирги оятни ўқиган жойи унинг энг юқори даражаси бўлиши айтилган. Уламолар, “Қуръонни тўлиқ ёд олиш фарзи кифоя. Намозни ўқишга етадиган даражада сура ва оятларни ёдлаш эса фарзи айндир”, дейишган. Шунинг учун ҳар бир мусулмон банда намозни тўкис адо этиши учун маълум сура ва оятларни пухта ёдлаб олиши лозим.
Қуръон ёдлашнинг масъулияти катта. Қуръонни дилига жойлаган банда Қуръонни муттасил такрорлаб туради. Қуръонни ёдлаб, унинг ҳақларини поймол қиладиган, эътиборсизлик билан ёдлаганларини унутиб юборадиган “қори”лар огоҳлантирилган.
Ривоят қилинишича, солиҳлардан бири ўлим тўшагида ётган ҳолида ўғлига:
– Ўғлим! Менга Қуръонни олиб кел, биргина оятни унутиб қўйдим. Ўшани эсламоқчиман! – деди. Шунда ўғли ҳайрон бўлиб:
– Отажон, биргина оятни эслашингиздан қандай наф бор?! – деди. Солиҳ ота жигарбандининг саволига:
– Ўша оятни эслаган ҳолда Аллоҳ билан учрашишим ундан ғофил ҳолда йўлиқишимдан яхшироқ! – деб жавоб берган экан.
Вафотидан олдин илмга рағбат қилган уламолар ҳаётидан ибратли ҳикоялар келтирилади. Бу ҳам мусулмон банда илм-маърифатга интилиши, энг аввал, Парвардигорининг Китобини ўқишни ўрганиши, ундан имкон қадар ёдлаши кераклигига ишорадир.
Шундай экан азизлар, бугун Нукус шаҳридаги “Имом Эшон Муҳаммад” жоме масжидида Қуръон мусобақасининг ҳудудий босқичини диққат билан кузатинг.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 3801 times
Tagged under

Янгиликлар

Top