Ўзбекистон янгиликлари

Президент  “Лимон етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар” уюшмаси вазифаларини белгилаб берди

Ўзбекистон Республикаси Президенти «Ўзбекистон Республикасида лимончилик соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси, “Агробанк” акциядорлик тижорат банки ҳамда лимон етиштирувчи ташкилотларнинг республика ҳудудида лимон кўчатларини етиштиришни янада ривожлантириш ва экспорт ҳажмини ошириш мақсадида “Лимон етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар” уюшмасини (кейинги ўринларда Уюшма деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.
Маълумот учун қабул қилинишича: “Пюре фрут трейд” МЧЖ, “Холис саркор замин” МЧЖ, “ҚУББО мева-сабзавот” МЧЖ, “Сағбон тикувчи элит” МЧЖ, “Сора инвест” МЧЖ масъулияти чекланган жамиятлари шаклидаги лимон етиштирувчи ташкилотлар, “Узоқбой ниҳоллари”, “Қурбонов Иззатилла”, “Абдураҳмон Абдуғаффор давр” фермер хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгалари, лимон экспорти билан шуғулланадиган хўжалик юритувчи субъектлар Уюшма муассислари ҳисобланади;
ташкилотлар, фермер хўжаликлари ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар шартнома асосида Уюшмага мустақил аъзо бўлишлари мумкин ва унинг таркибидан чиқиш ҳуқуқига эгадирлар.
Қуйидагилар Уюшманинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
республикада лимон кўчатларини етиштириш ва лимон етиштирувчи иссиқхона хўжаликларини ташкил этишни комплекс ривожлантириш бўйича дастурларни амалга оширишда иштирок этиш, соҳада ягона илмий-техникавий, технологик, инвестицион ва экспорт сиёсати амалга оширилишига кўмаклашиш;
табиий майдонлардан оқилона фойдаланган ва интенсив етиштириш технологияларини қўллаган ҳолда лимон ўсимлигининг ўсиши учун қулай бўлган ҳудудларда махсус иссиқхона хўжаликларини ташкил қилиш йўли билан лимон етиштириш ҳамда экспортга маҳсулот чиқариш ҳажмларини босқичма-босқич ошириб бориш;
лимон етиштириш жараёнларига хорижий сармояларни, чет эллик мутахассислар ҳамда консультантларни фаол жалб қилиш, ушбу соҳага илғор технологияларни жорий қилиш;
лимон кўчатларини лимон етиштириш билан шуғулланувчи жисмоний ва юридик шахсларга тизимли етказиб бериш, лимон ўсимлиги зараркунандалари ва касалликларига қарши биологик ҳамда кимёвий воситалар асосида курашиш ишларига кўмаклашиш;
инновацион технологияларни лимон етиштириш жараёнига жорий қилиш учун илмий-тадқиқот ишлари олиб бориш, лимоннинг маҳаллий серҳосил навларини яратиш, районлаштириш ҳамда янги навларни давлат реестрига киритиш ишларига кўмаклашиш;
лимон етиштириш ва уни қайта ишлаш ҳамда экспортга етказиб бериш соҳасини ривожлантиришга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;
лимон етиштирувчиларга лимонни етиштиришнинг замонавий усуллари ва уни парвариш қилиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш хамда методик ёрдам кўрсатиш;
лимонни парвариш қилишга жалб этиладиган мутахассисларни агротехник тадбирларни тўғри ўтказиш бўйича ўқитиш учун махсус тайёрлов курсларини ташкил этиш;
соҳа учун мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, олий, ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларида, шунингдек, хорижда уларнинг малакасини ошириш ишларини самарали ташкил этиш ҳамда мувофиқлаштиришда иштирок этиш.


Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

Read 3334 times

Янгиликлар

Top