Ўзбекистон янгиликлари

Доктор Аҳмад Дубаён: “Имом Бухорий сабабли Европада Исломий марказлар фаолият кўрсатмоқда”

Буюк Британияга сафар қилган мамлакатимизнинг етакчи исломшунос ва шарқшунос олимларидан иборат делегация Лондон шаҳрида жойлашган Ислом маданияти марказида учрашув ўтказди.

ЎзА хабарига кўра, тадбирда Буюк Британиянинг Лордлар палатаси аъзоси, лорд Муҳаммад Илтаф Шайх, Ислом маданияти маркази директори доктор Аҳмад Дубаён ва ислом маданияти марказининг илмий ходимлари иштирок этди.

Лондондаги Ислом маданияти маркази нафақат Буюк Британия, балки бутун Европадаги энг йирик маданий-маърифий муассасалардан бири ҳисобланади. Марказда ислом динини илм-маърифат орқали тарғиб этиш, жаҳолатнинг муқаддас динимизга буткул ёт эканини илмий далиллар асосида тушунтиришга алоҳида эътибор берилади. Бу ерда яҳудий, насроний ва бошқа дин вакиллари ҳам маъруза ва кўргазмалар билан қатнашиб, диний бағрикенглик ғояларини тарғиб этадилар.

Учрашув қатнашчиларига Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар, диний-маърифий соҳадаги туб ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Таъкидлангандек, Ўзбекистонда ўз фаолиятини бошлаган Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон Ислом академияси, Мир Араб олий мадрасаси каби янги тузилмалар муқаддас динимизнинг асл ғояларини ўрганиш, буюк алломаларимиз, азиз авлиёларимиз илмий меросини чуқур тадқиқ этиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш имконини беради.

Ислом маданияти маркази директори доктор Аҳмад Дубаён Ўзбекистонда амалга оширилган ишларнинг аҳамиятига тўхталиб, жумладан, бундай деди: “Ўзбекистон ҳамиша бизнинг ёдимизда. Имом Бухорий, Имом Термизийдек буюк зотлар ўзбек заминида тарбия топган. Имом Бухорийнинг асарлари бўлмаганида бугун бизнинг марказларимиз ҳам бўлмас эди. Биз ҳамиша бу улуғ зотлар ҳаққига дуо қиламиз. Ўзбекистоннинг зиёрат туризми соҳасидаги салоҳияти жуда ҳам юқори. Яқин орада Хитойдан то Америкагача – бутун дунё мусулмонлари Ўзбекистонга оқиб келади”.

Учрашувда Ислом маданияти марказида Самарқанд, Бухоро, Хива каби қадимий ва бетакрор шаҳарлар, ноёб тарихий обидалар ҳақида фотокўргазма, буюк алломаларимиз ҳаёти ва илмий мероси ҳақида маърузалар ташкил этиш юзасидан келишувга эришилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 2946 times

Янгиликлар

Top