Ўзбекистон янгиликлари

2018 йил учун ҳаж шартномаси имзоланди

Кеча, 8 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари билан ҳаж ва умра сафарлари бўйича Саудия Арабистонидаги ҳамкор “ал-Ҳидоя” ширкати раҳбари Шайх Усома Тошкандий жаноблари “Ҳаж – 2018” мавсуми шартномасини имзолашди.
Шартнома имзолаш жараёнида муфтий ҳазратлари “ал-Ҳидоя” ширкати билан кўп йиллардан буён ҳамкорлик қилиб келинаётгани, ҳаж ва умра сафарлари муваффақиятли ўтаётганини билдирдилар. Шунингдек, келгуси ҳаж сафарида зиёратчиларга хизмат кўрсатишни янада юқори даражага кўтариш, меҳмонхона, транспорт хизмати ва таомлар сифатини янада яхшилаш, Мино ва Муздалифа водийларида етарли жой ажратишга эришиш ҳамда ишчи, ошпазлар ва тиббиёт гуруҳларини барча зарур шарт-шароитлар билан таъминлаш каби масалаларга алоҳида тўхталиб ўтдилар.
Муфтий ҳазратлари зиёратчиларимизнинг муборак сафар давомидаги ибодатларини мукаммал адо этишлари учун ҳар икки томон ҳам қулай шарт-шароитлар ташкил этиш учун жонбозлик кўрсатиши, бу борада бирор-бир хато ва камчиликка мутлақо йўл қўймаслик учун барча куч-қувватни сафарбар этиш зарурлигини таъкидладилар.
Ҳамкор “ал-Ҳидоя” ширкати раҳбари Шайх Усома Тошқандий жаноблари жавоб сўзида ўзбекистонлик ҳаж ва умра зиёратчиларига хизмат қилиш шараф экани, шу кунга қадар бу борада катта ютуқларга эришиб келинаётгани билдирди. Усома Тошқандий сўзида давом этиб, ўзбекистонлик зиёратчиларга энг намунали хизмат кўрсатиш учун ҳамкор ширкат барча имкониятларини ишга солишга жидду жаҳд қилишини билдирди. У сўзининг якунида ўзаро ишончли ҳамкорлик учун миннатдорлик изҳор қилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 4380 times

Янгиликлар

Top