Ўзбекистон янгиликлари

Бугун Қуръон ошиқлари шаҳрида қорилар мусобақаси

Аллоҳнинг каломига муҳаббати юксак бўлган дўстларимизга, Яратган Парвардигорнинг раҳмати ёғилсин деймиз. Бугун эрта тонгдан водийнинг энг мухлис бандалари замини бўлган Наманган вилояти узра Ҳақ таолонинг баракоти ва нурлари ёғилмоқда, десак айни ҳақ гапни айтган бўламиз.
Бугун Намаган шаҳридаги Нуробод даҳасида жойлашган “Имом Аъзам” жоме масжидида қори йигитлар ўртасидаги ва Наманган шаҳридаги “Шодиёна” кошонасида қория аёл-қизлар ўртасида Қуръон мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтади. Ушбу мусобақада республика босқичига чиқиш учун туман босқичларида биринчи ўринни қўлга киритган 16 нафар қори, 11 нафар қория жами бўлиб 27 киши ҳаракат қилади.
Шунингдек, ушбу вилоятдаги “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти талабалари ўртасида ҳам Республика босқичига йўлланма олиш учун ўзаро мусобақада беллашадилар. Ушбу Қуръон зиёфатига тайёргарлик ишлари жуда ҳам жадал суратда олиб борилди.
Чунки, гувоҳ бўлаётганимиздек, жуда ҳам катта тайёргарлик кўрилган. Ёшу қари, эркагу аёл, хуллас, барча Қуръонга муҳаббатли кишилар эрта сахардан вилоятдаги қорилар мусобақаси ўтадиган жоме масжид ва кошонага жам бўлишмоқда.
Ривоят қилинишича, Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ: “Илм олиш тинглашдан бошланади, сўнгра уни тушунилади ва ёд олинади кейин унга амал қилинади”, дедилар. Банда Каломуллоҳни холис ният билан тингласа, унинг қалбига Аллоҳ таоло нур солади ва тўғри йўлга ҳидоят қилади. Қуръони каримда марҳамат қилинади: “…Бас, (эй Муҳаммад!) Менинг шундай бандаларимга хушхабар берингки, улар гапни тинглаб, сўнг унинг энг гўзалига (фойдалисига) эргашадилар. Айнан ўшалар Аллоҳ ҳидоят этган зотлардир ва айнан ўшаларгина ақл эгаларидир” (Зумар, 17-18).
Демак, инсон ибодат ниятида Каломуллоҳни тингласа ва жим турса чексиз ажру мукофотга эга бўлади. Қуръони каримни эшитувчи, аввало, қалбини ҳозирлайди, ибодатни ният қилади, сийратию суратида хотиржам бўлиб, ихлос билан Аллоҳнинг каломига сомеъ бўлади. Мана шундагина ўзи умид қилган ва бунга ваъда қилинган ажрларга эришади, иншоаллоҳ.
Шундай экан азизлар, ҳар галгидек Намангандаги қорилар мусобақаси бутунлай бошқача бўлади, иншоаллоҳ. Фурсатни бой берманг, сўз ва қалам билан ифода қилиб бўлмайдиган онларни ўтказиб юборман, имкон бўлса бориб, бўлмаса бизнинг muslim.uz портали ва ижтимоий тармоқларни кузатиб, завқ олинг. Барчамиздан Аллоҳ рози бўлсин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 3341 times

Янгиликлар

Top