Ўзбекистон янгиликлари

Андижонда Қуръон мусобақаси ғолибларига ўрта махсус ислом билим юртларига имтиҳонсиз ўқишга кириш имтиёзи берилди

Танловда мусобақанинг вилоят ҳудудий босқичларида ғолибликни қўлга киритган диний таълим муассасаси талабалари, масжидлар имом-хатиблари, имом ноиблари ҳамда Қуръони карим қироати бўйича иқтидорга эга қори ҳамда қориялар хифз ҳамда тиловат йўналишлари бўйича ўз иқтидор ва маҳоратини синовдан ўтказди, хабар бермоқда ЎзA.
– Мусобақада 18 ёшдан 25 ёшгача ҳамда 26 ёшдан 40 ёшгача бўлган 46 нафар қори ва қория иштирок этди, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Нуриддин Холиқназаров. – Уларнинг чиқишлари, яъни қироати ҳамда диний билимлари нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.
Мусобақанинг якуний натижаларига кўра, хифз йўналиши бўйича эркаклар ўртасида Андижон шаҳри вакиллари Муҳаммаджон Хўжаев, Убайдулло Исоқов, аёллар ўртасида Шаҳрихон тумани вакиласи Гулжаҳон Жуманова, Асака тумани вакиласи Зарнигор Аҳмедова, тиловат йўналиши бўйича эркаклар ўртасида Андижон шаҳар вакили Оятулло Ҳакимов, Пахтаобод тумани вакили Жамолиддин Умаров, аёллар ўртасида Андижон шаҳри вакиласи Мубина Мирзаева, Андижон тумани вакиласи Мўътабар Мўминова ғолиб деб топилиб, мусобақанинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
– Қуръон қироатининг хифз йўналиши бўйича ғолиб чиқиб, мусобақанинг мамлакат босқичига йўлланма олдим, – дейди Муҳаммаджон Йўлдошев. – Насиб этса, келгуси босқичда ҳам муносиб иштирок этишга ҳаракат қиламан. Мен, энг аввало, диний билимларимиз, Қуръони карим қироати борасидаги иқтидор ва салоҳиятимизни намоён этиш учун имконият яратиб берган мусобақа ташаббускори Президентимизга мингдан-минг раҳмат айтаман.
Ғолиб ва совриндорлар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг дипломлари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди, шунингдек, ғолибларга мамлакатимиздаги ўрта махсус ислом билим юртларига имтиҳонсиз ўқишга кириш имтиёзи берилди.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

Read 3136 times

Янгиликлар

Top