Ўзбекистон янгиликлари

Диний идорада мактаб ўқувчилари билан учрашув бўлиб ўтди (Видеолавҳа)

2018 йил 13 март куни диний идорада Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамкорлигида ўқувчи ёшлар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Ушбу тадбирда Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманидаги 157 умумий ўрта таълим мактабининг 50 нафарга яқин ўқувчиси иштирок этди.
Тадбир Қуръони карим тиловати билан очилди. Дастлаб, ўқувчиларга диний идоранинг мақсад ва вазифалари ҳақида батафсил маълумот берилди. Сўнгра, диний идора ходими Исҳоқжон домла Бегматов сўзга чиқиб, таълим ва тарбия, одоб-ахлоқ, ёшлар ўртасида жиноятчиликни олдини олиш мавзусида маъруза қилди.


У ўз нутқида жиноят содир этиш жуда ҳам оғир гуноҳ экани, Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда бундай хатти-ҳаракатлардан қаттиқ қайтарилганини жонли мисоллар орқали таъсирчан қилиб, тушунтирди. Жумладан, “Бир ишнинг гуноҳ эканини билган одам албатта ундан қайтади. Жиноятнинг қайси бир турини олиб қараманг, динимиз, инсонийликка хилофдир. Одам ўлдириш, ўғрилик, фирибгарлик, товламачилик – буларнинг барчаси инсон ҳаётига зарар” деб таъкидлади Исҳоқжон домла.


Учрашув жуда ҳам кўтаринки руҳда, савол-жавобларга бой бўлди. Ўқувчилар бугунги давра суҳбатидан нақадар катта маънавий озуқа олишганини уларнинг ёниб турган кўзларидан англаш мумкин эди.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг 5 январь куни ёшлар билан ишлаш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш учун Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ўртасида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги меморандум имзоланган эди. Ҳозирда ушбу меморандум доирасида ҳамкорлик ишлари давом этмоқда.

 


ЎМИ Матбуот хизмати

Read 4187 times
Tagged under

Янгиликлар

Top