Ўзбекистон янгиликлари

Муносабат: Елкама елка туриб ишлаш даври келди!

Тараққиётнинг янги даврида Ўзбекистонда рўй бераётган янгиланишлар нафақат юртимиз аҳолиси, балки дунё ҳамжамиятини ҳам ҳайратга солмоқда. Муҳтарам Президентимизнинг бевосита ташаббуслари билан жамиятнинг барча соҳалари қатори дин йўналишида ҳам улкан савобли ишлар қилинмоқда-ки, бундан барча мамнун бўлмоқда. Ўтган бир ярим йил давомида халқимизга берилган эркинликлар ва яратилаётган қулай шарт-шароитлар ҳаммамизни беҳад қувонтирмоқда. Хусусан, диний соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларни алоҳида таъкидлаш керак. Ўтиб бораётган қисқа муддатни асрга татигулик йил бўлди, десак сира муболаға бўлмайди. Шу вақт ичида бир қанча ҳайратга сазовор ўзгаришлар содир бўлди. Келинг шулардан айримларини келтириб ўтамиз:

– мамлакатимиз пойтахтидан тортиб, энг олис ҳудудларида ҳам янги жоме масжидлар очилмоқда, азон товушлари баралла янграб, халқимизни жомелар бағрига чорламоқда;

– исломий таълим муассасалари сони 11 тага етди. Бухорода Олий мадраса иш бошлади. Халқаро илмий-тадқиқот марказлари ва илмий мактаблар очилгани илмий изланишларни яна бир поғона кўтарган бўлса, ўтган йил охирида Ислом академияси ташкил этилиши бундай ишларни энг юқори даражага олиб чиқиш учун катта асос бўлади, иншоаллоҳ;

– телевиденияда ҳар куни диний кўрсатувлар эфирга кетмоқда, айниқса, “Сўраган эдингиз”, “Қуръони каримни ўрганамиз”, “Олтин силсила”, “Битиклар мутолааси” каби кўрсатувлар дастлабки сониданоқ мўмин-мусулмонлар қалбидан жой олди;

– яна бир хурсандчилик, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва “Ҳилол нашр” нашриёти билан ҳамкорликда Қуръони карим чоп этилиши мўмин-мусулмонлар кўпдан бери кутган қувончли воқеа бўлди.

Мана шундай ишлардан одамларнинг шоду хуррамлиги ниҳоятда чексиз. Уларнинг руҳониятида рўй бераётган ўзгаришлар ва ҳаяжонларини ифодалаш жуда қийин. Бутун республикамиз бўйлаб давом этаётган қорилар мусобақаси ҳаммасидан ҳам файзли бўлмоқда. Чунки бу бир мусобақа дегани билан унинг таровати, файзу баракаси ҳеч кимни четлаб ўтмаяпти. Қуръони карим ўқилган, тиловат қилинган жойга раҳмат фаришталари тушади, балою қазолар даф бўлади, одамлар орасида меҳр-муҳаббат зиёда бўлади. Буларни кўриб қувониш ҳам, Аллоҳга ҳамду сано айтиш ҳам чин мўминлик сифатидир.

Ҳақиқатан, Аллоҳ таъолонинг фазлу карами билан мана шундай савобли ишларнинг ташаббускори  давлатимиз Раҳбари экани ва ҳукуматимизнинг барча ташкилотлари ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётганини сира унутмаслигимиз керак. Дин соҳасида янгидан-янги хайрли ислоҳотлар давом этмоқда. Соҳани тартибга солувчи меъёрий ҳужжатларни замон талабига мослаштириш борасида ҳам саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Шу ўринда афсус билан айтиш керакки, айрим шахслар ёки кучларнинг таъсири остида баъзи диний ходимлар томонидан оқибатини ўйламай эълон қилинаётган мақолалар, ҳақиқий воқеликка зид бўлган хабарлар кўпчиликни ранжитмоқда. Тарқатилган материаллар масжид очиш бўлсин, Қуръон курслари ташкил этиш бўлсин ёки ҳамкор ташкилотлар тўғрисида бўлсин, уларнинг бирортаси ҳақиқий ҳолатни ифода этмайди. Тўғри камчиликларимиз ҳам бор, лекин камчилик ёки тушунмовчилик қайси соҳада йўқ? Бугун жамиятимиздаги ҳамма соҳада иқтисоддан тортиб, ижтимоий, маърифий, маданий соҳаларнинг барчасида тубдан ислоҳотлар олиб борилмоқда. Нима учун? Чунки бугунги замон, тезкор ахборот асри шуни талаб этмоқда. Бундай ҳолатда агар муносабат билдириладиган бўлса, ё масалага объектив ёндашиш керак ёки умуман муносабат билдирмаган мақул бўлади. Зеро, бўлиб турган жараёнлардан тўғри хулоса чиқармай асоссиз важлар билан Ҳукумат идораларига, юқори ташкилотларга тош отишлар бу ўта маданиятсизликдан бошқа нарса эмасдир. 

Мўмин-мусулмонларга берилаётган имкониятлар, барпо этилаётган масжидлар, йўл ёқаларидаги очиладиган намозхоналар, илмий мактаблар, халқаро марказлар, дунёнинг эътиборини тортаётган қорилар мусобақаси, баралла айтилаётган азонлар, намозхонларнинг тўп-тўп бўлиб ибодат қилаётганини эътироф этиш ўрнига айрим ҳал этилаётган муаммолар ҳақида шошқалоклик қилиб ноўрин гап-сўзларни айтишлик ҳақиқий мўминлик сифатига тўғри келмайди.

Бошқа қатор ишларда бўлгани каби дин соҳасидаги ишларнинг бош ташаббускори ҳам муҳтарам Президентимиз эканини сира ҳам ёддан чиқармаслигимиз лозим.

Юртимизда бўлаётган бундай улкан ижобий ўзгариш ва янгиланишларни тушуниб етмаган кишилар оқибатини ўйламай қилган ишлари натижасида турли фитналарга сабабчи бўлиб қолишдан сақланишларини тавсия этамиз.

Ғарбдаги айрим бузғунчи кучлар тараққиётимизга, миллий маънавиятимиз, муборак динимизга болта уриш пайида бўлаётган бир пайтда, ўзаро ихтилоф қилиш билан оввора бўлсак бу жуда ҳам оғир мусибат бўлади. Атрофга теран кўз билан боқиш керак, ҳар бир нарсанинг ҳақиқати, ҳикмати, моҳияти ва оқибатини ўйлаш керак. Ҳар бир ишимизда Аллоҳнинг розилиги бўлиши керак, акс ҳолда ҳаммаси бефойда.

Давлатимиз раҳбарининг дину диёнатимиз йўлида олиб бораётган тинимсиз саъй-ҳаракатлари Аллоҳ таолонинг буюк марҳамати эканини ҳар доим ёдимизда тутишимиз лозим. Шу билан бирга бу неъматларнинг шукрини ҳар лаҳзада адо этишга, олдимизга қуйилаётган вазифаларни чин юракдан, ихлос билан бажариб, Президентимизга камарбаста бўлишда энг аввало бирдамлик ва ғайрат кўрсатишимиз даркор.

Мамлакатимизда диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, янгиланишлардан қўлга киритилаётган муваффақиятларнинг барчаси диёримиз мўмин-мусулмонларининг ҳуқуқ-манфаатларини ўзида ифода этади ва уларни тўла таъминлашга қаратилгандир. Шу боис, соҳадаги тараққиёт тадрижийлигига назар ташлайдиган бўлсак, ҳар бир ўзгариш аввалгисидан мазмунан ва моҳиятан тубдан фарқланиб, юқорига қараб  ҳаракатланаётганига гувоҳ бўлади киши.

Биргина мисол, Шайх Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф ҳазратлари хотирасига эҳтиром кўрсатиб, масжид, мажмуа ва музей ташкил этилиши Ўзбекистон мўмин-мусулмонларининг хоҳиш-истакларининг ёрқин ифодаси эмасми?

Умуман олганда Ўзбекистонда бугун диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар Алҳамдулиллоҳ барча мўмин-мусулмонларимизнинг узоқ йиллик асрий орзуларининг амалий ифодасидир. Энг муҳими бу ўзгаришлар, ислоҳотлар ҳали давом этмоқда. Парвардигоримиздан олдимизда турган барча масалаларни ҳал этилишида Ўзи мададкор бўлишини сўраб қоламиз. Шунингдек, сўзимиз охирида, мўмин-мусулмонларимизнинг қизиқтирган ҳар қандай масъала-масоиллар, савол-жавоблар ва таклиф-мулоҳазалар бўйича Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг эшиклари доимо очиқ эканини маълум қилиб қоламиз.

  Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати 

Read 3003 times

Янгиликлар

Top