Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратларининг Наманган ва Фарғонага ташрифлари

25 март куни муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари намозхонлар билан мулоқот қилиш, имом-домлаларни фаолликка чақириш ва диний соҳадаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида, Наманган ва Фарғона вилоятларида бўлдилар. Ушбу икки вилоятдаги диний ходимлар, имом-домлалар ва мударрислар иштирокидаги ўтказилган йиғилишларда муфтий ҳазратлари иштирок этиб, нутқ сўзладилар.
Муфтий ҳазратлари ушбу вилоятлардаги йиғилишларда муҳтарам Президентимиз бошчиликларида ўтган бир ярим йил давомида барча соҳаларда улкан ижобий ўзгаришлар қилингани, диний соҳасида ҳам талайгина ислоҳотлар амалга оширилгани тўғрисида сўз қилиб, бунга жавобан шукр қилиш, аҳил бўлиб ишлаш зарурлигини таъкидладилар. Мўмин-мусулмонларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқариш бўйича ҳамкор ташкилотлар билан бирга-бирга тинимсиз меҳнат қилинаётганини алоҳида қайд этдилар. Бундан ташқари, бугунги кунда имом-хатиблар олдида турган долзарб вазифалар ҳақида тўхталиб, аввало ўзиларининг илмий савияларини, касб-маҳоратларини мунтазам ошириб бориш орқали халқимизнинг диний саводхонлигини юксалтириш ҳақида муфтий ҳазратлари алоҳида тўхталдилар.
Ушбу икки вилоятда бўлиб ўтган йиғилишларда ҳудудларда эътиборсиз қолаётган ҳолатлар ва имом-домлалар фаолиятидаги хато-камчиликларга танқидий баҳо берилди. Жумладан, интернет тармоғидаги диний ходимлар ёки ташкилотлар ҳақида тарқатилаётган бўҳтон, асоссиз хабарларга имомлар томонидан муносабат билдирилмаётгани, воқеа-ҳодисаларга ҳозиржавоблик етишмаётгани ва жойлардаги “Мушкулкушод”, “Азайимхонлик” каби бидъат маросимлар ҳалигача давом этиб келаётгани танқид остига олинди. Бугунги кун имом-хатиби ҳар бир воқеа-ҳодисага ҳозиржавоб бўлиши ва иллатларга қарши курашчанликни янада ошириш зарурлиги таъкидланди.
Сўзга чиққан нотиқлар имом-хатиблар ўртасида ўзаро жипслик, бирдамлик, бир-бирини қўллаб-қувватлаш, ҳимоя қилиш каби фазилатлар камайиб бораётгани айтиб ўтилди. Имом-хатиблар ҳар соҳада халқимизга ибрат бўлишлари, дини мубинимиз қандай гўзал эканини ўзларининг юриш-тиришлари, муомала маданиятлари орқали намоён этишлари лозимлиги таъкидланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2874 times

Янгиликлар

Top