Ўзбекистон янгиликлари

Сенат “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги қонунни маъқуллади

Мазкур қонун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 14 мартдаги “Ўзбекистон Республикасининг давлат хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган.

ЎзА хабарига кўра, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва манфаатларини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилувчи махсус ваколатли орган этиб белгиланган.

Хизмат Ўзбекистон Республикасининг давлат хавфсизлиги ва манфаатларини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилади.

Мазкур соҳада қонунийлик ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга барҳам бериш бўйича фаолият олиб боради.

Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига тажовузларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ҳамда уларга барҳам бериш бўйича разведка ва контрразведка фаолиятини амалга оширади.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараларини қўриқлайди ва ҳимоя қилади.

Терроризм, экстремизм, уюшган жиноятчиликка, қурол-яроғ, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш; давлат манфаатлари ва хавфсизлигига таҳдид солувчи миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб этишга қаратилган бузғунчилик фаолиятининг олдини олиш, уни аниқлаш ва унга барҳам бериш бўйича фаолият олиб боради.

Иқтисодий, илмий-техникавий, ижтимоий ва ахборот соҳаларида давлат хавфсизлигини таъминлайди. Ўзбекистон Республикаси халқининг тарихий-маданий ва бой маънавий меросини ҳимоя қилади.

Давлат органлари ва бошқа ташкилотларда давлат манфаатлари ва хавфсизлигига таҳдид солувчи коррупция ҳолатларига қарши курашиш;
телекоммуникация ва транспорт соҳасида давлат хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда ҳолатларни юзага келтирувчи омилларнинг олдини олиш, аниқлаш ва уларга барҳам бериш бўйича кураш олиб боради.

Давлат органлари ва бошқа ташкилотларда давлат сирлари сақланиши, махсус алоқа хавфсизлигининг таъминланиши ҳамда ахборотларни криптографик ҳимоя қилишни ташкил этиш устидан назоратни амалга оширади.

Давлат манфаатлари ва хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳуқуқбузарликлар содир этилишига имкон берадиган сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш каби вазифаларни бажаради.

Давлат хавфсизлик хизмати фаолиятига оид ана шундай меъёрлар акс этган қонун муҳокамаси юзасидан сўзга чиққанлар жаҳонда ва минтақамидаги мавжуд мураккаб вазият, террорчилик ва бошқа трансмиллий жиноятларнинг кучаяётгани хавфсизликни кучайтиришни тақозо этаётгани қайд этди. Давлат хавфсизлик хизматининг мустаҳкам қонунчилик асоси яратилгани бу жараёнда муҳим аҳамият касб этади.

Давлат хавфсизлик хизматининг ташкилий-ҳуқуқий механизми яратилгани демокртиштиришга оид давлатимиз сиёсатига ҳам тўлиқ мос келади. Қонун тизимнинг халқ учун очиқлиги таъминланишига замин яратади.


Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

Read 4005 times

Янгиликлар

Top