Ўзбекистон янгиликлари

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази янги китоблар тақдимотини ўтказди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Самарқанд алломалари”, “Самарқанд ёдгорликлари” ва “ИШИДнинг ботил ғоялари ва уларга раддиялар” китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази нашриёти томонидан чоп этилган мазкур китоблар марказ ташкил топган кундан бошлаб, бир йил мобайнида бажарилган илмий-тадқиқот фаолиятининг ўзига хос ҳисоботи бўлди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази матбуот хизмати билдиришича, тақдимотда академик-олимлар, профессор-ўқитувчилар, мутахассислар, тадқиқотчилар, талабалар, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда бугунги глобаллашув жараёнида юртимизда ислом динининг асл мазмун-моҳиятини, буюк алломаларимизнинг илмий ва маънавий меросини, панду-ўгитларини ўрганиш, тадқиқ ва тарғиб қилиш муҳим аҳамиятга эга экани алоҳида таъкидланди.

Мазкур китоблар умумтаълим, ўрта махсус таълим ўқувчилари, олий таълим муассасалари талабаларининг тарихий билимларга асосланган ҳуқуқий, диний билимини бойитишга кўмаклашиш билан бирга, илмий тадқиқотчилар, тарихчи ва манбашунослар учун манбавий асос бўлиб хизмат қилади.

“Самарқанд алломалари” ва “Самарқанд ёдгорликлари” китобларида Самарқанд вилоятининг бой тарихи, улуғ алломалари, маданий объектлари, зиёратгоҳлар, маданий меросга оид иншоотлар тарихий ҳамда замонавий суратлар билан безатилиб, улар ҳақида батафсил маълумот берилган. Китобнинг тайёрланиш жараёнида Самарқанддан етишиб чиққан алломалар тарихи ва улар томонидан қолдирилган илмий-маънавий мерос кенг ўрганилиб, муҳим маълумотлар келтирилган. Тадқиқот натижасида ҳали кенг илмий жамоатчиликка маълум бўлмаган бир қанча буюк шахслар, аллома ва мутафаккирлар тарихи ҳам ўрганилиб, илмий муомалага киритилган.

“ИШИДнинг ботил ғоялари ва уларга раддиялар” китобида бугунги кунда ўзларининг ботил ғояларини илгари суриб, “такфир", "жиҳод", "ҳижрат", "байъат", "тоғут", "халифалик” сингари чақириқлар билан дунё афкор оммасини ташвишга солаётган барча ёт диний оқимларга нисбатан “жаҳолатга қарши маърифат” услубида раддиялар берилган. Китоб диний мутахассислар, профилактика ишлари билан шуғулланувчи соҳа хизматчилари, диний-маърифий ишлар бўйича маслаҳатчилар ҳамда маърифий ишлар билан машғул бўлган юртдошларимизга мўлжалланган.

Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 4137 times

Янгиликлар

Top