Ўзбекистон янгиликлари

Муҳаммад ал-Хоразмий таваллудининг 1235 йиллигига бағишланган халқаро конференция ўз ишини бошлади

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ҳамкорлигида ташкил этилган конференцияда дунёнинг ўнга яқин мамлакатидан ва юртимизнинг турли вилоятларидан келган олимлар, соҳа мутахассислари, илмий тадқиқотчилар ҳамда талаба-ёшлар иштирок этмоқда.

Унда телекоммуникация, ахборот-коммуникация технологияларининг иқтисодиётимиз ривожланишидаги роли, муаммолари ва уларнинг ечимлари, кўрсатилаётган хизматлар сифати ва хавфсизлиги масалалари кўриб чиқилмоқда.

Конференция доирасида семинарлар ташкил этилиб, электрон тижорат, «Электрон ҳукумат» тизимини жорий қилиш ва ривожлантириш борасида ахборот технологияларидан фойдаланиш, «Ахборот кутубхонаси ва архивлар» йўналишининг инновацион ривожланиши, ихтисослаштирилган дастурий ва аппарат ишланмаларидан иқтисодиётнинг реал тармоқларида фойдаланиш, ахборот хавфсизлиги муаммолари, «ақлли» ва «хавфсиз» уйларни лойиҳалаштириш ҳамда замонавий педагогика ахборот технологиялари бўйича оригинал тадқиқотлар ўрганилади. 

Шунингдек, телекоммуникация тизимлари, рақамли телевидение, радио, симсиз алоқа технологиялари, радиотехника ривожланиши истиқболлари ҳақида фикр юритилади. Ахборот технологиялари учун назарий асосни таъминловчи аналитик материаллар ва илмий ишлар муҳокама қилинади, деб хабар беради ЎзА.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 2803 times

Янгиликлар

Top