Ўзбекистон янгиликлари

Самарқанд вилоятида зиёрат туризмига алоҳида эътибор қаратилмоқда

Қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд таърифига тил ожиз. Азим шаҳар ҳақида яхлит тасаввурга эга бўлиш учун бу ерга, албатта, ташриф буюриш лозим. Бежизга бу кўҳна кент бориб кўриш шарт бўлган дунёдаги 50 та шаҳардан бири сифатида эътироф этилгани йўқ.
“Халқ сўзи” нашри билдиришича, Самарқанднинг Регистон майдонида икки йилда бир марта ўтказиладиган “Шарқ тароналари” мусиқий фестивалига ташриф буюрган хорижлик меҳмонлар нафақат Самарқанд шаҳри, балки вилоятнинг Пастдарғом, Пайариқ, Жомбой, Ургут, Тойлоқ, Самарқанд каби туманларига ҳам келиб, ҳудудларнинг ўзига хос жиҳатлари билан танишиш бахтига мушарраф бўлмоқдалар.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йил апрель ойида Самарқанд вилоятига ташрифи давомида такрорланмас тарихий, маданий, меъморий мерос объектлари билан туристларни кенг таништириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш, зиёрат туризмини жонлантириш, умуман, қадимий заминнинг туризм салоҳиятини янада ривожлантириш бўйича бир қатор кўрсатмалар берилган эди. Шундан келиб чиқиб, айни пайтда муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Самарқанд вилоятида зиёрат туризмини амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинган.
Ҳудудда 1105 та археологик, 670 та меъморий, 37 та диққатга сазовор жой, 18 та монументал, 21 мемориал тоифага кирувчи жами 1851 моддий-маданий мерос объекти мавжудлиги бу борадаги имкониятлар нечоғлик юқорилиги кўрсатади. Зиёратчи сайёҳларга Амир Темур мақбараси, Регистон ансамбли (Шердор, Тиллакори, Мирзо Улуғбек мадрасалари), Бибихоним ва Хазрати Хизр масжидлари, Шоҳи Зинда ёдгорлиги, Хўжа Дониёр зиёратгоҳи, Мирзо Улуғбек расадхонаси, Самарқанд туманидаги Нодир девонбеги комплекси, Хўжа Аҳрор Валий масжиди, Ургут туманидаги Ғавсул Аъзам, Хўжа Омон, Чор Чинор зиёратгоҳлари, Пайариқ туманидаги Имом Ал Бухорий мажмуаси, Нуробод туманидаги Хазрати Довуд зиёратгоҳлари йўналишлари бўйича хизмат кўрсатилади. Барча зиёратгоҳларда ўрнатилган видеокузатув мосламалари орқали жамоат тартиби назоратга олинган, сайёҳлар ва меҳмонларнинг кириш чиқиш жараёнлари бевосита туроператорлар ҳамда ички ишлар органлари вакиллари иштирокида амалга оширилмоқда.
Шунингдек, янги маршрутларга Ўзбекистон тарихи, Афросиёб, Ўлкашунослик музейлари, Пахтачи туманидаги Добусия шаҳристони, Пайариқ туманидаги Челак-Кўктепа тарихий ёдгорлиги, Махдуми Аъзам зиёратгоҳи ва бошқа зиёратгоҳлар киритилган. Самарқанд вилоятидаги музейлар фаолиятини янада кенгайтириш, уларнинг хорижий мамлакатлар музейлари билан, жумладан, илмий-тадқиқот йўналишида ҳамкорликни кучайтириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Япония, Франция ва Жанубий Кореянинг археологик институтилари ва музейлари мутахассислари билан алоқалар ўрнатилган. Хусусан, Афросиёб музейининг “Элчилар хонаси”даги деворий суратларни босқичма-босқич асл ҳолатига келтириш ишлари олиб борилаётган бўлса, кўҳна Афросиёб тепалигида жойлашган Сўғдиёна (қадимдаги Мароқанд ёки Афросиёб) шаҳрининг эски кўриниши акс эттирилган 3D треки сайёҳларга намойиш этилмоқда. Самарқанд давлат бирлашган тарихий-меъморий ва бадиий музей-қўриқхонаси ҳамда ЎзФА Археология институти томонидан Самарқанддаги маданий-тарихий обидалар тўғрисида тарихий манба ва маълумотлар жойлаштирилган брошюралар ва буклетлар тайёрланаяпти.
Бундан ташқари, вилоятдаги 37 та диққатга сазовор жой, 18 та монументал масканда 120 дан ортиқ маданият ходими фаолият кўрсатаётган бўлиб, улар меҳмонларга тарихий объектлар ҳақида маълумотлар билан яқиндан таништиришади.
Мавсумда ҳар куни 100 дан ортиқ меҳмонхоналарда маҳаллий ва хорижий сайёҳларларга хизмат кўрсатилиб, шаҳар маркази, шунингдек, туташ ҳудудлардаги 30 дан зиёд ресторанларда миллий, корейс, рус ва европа таомлари тайёрланиб, кўнгилочар тадбирлар ташкил қилинмоқда. Меҳмонларнинг ушбу масканларда бўлиши вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги Оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш, уларни ўтказишда фуқаролар хавфсизлигини ва жамоат тартибини сақлаш чора-тадбирларини кучайтириш бўйича масъул комиссияси томонидан муҳофазаланган.

Самарқанд шаҳрида туристик мавсумда зиёратчилар ва сайёҳлар оқимининг кўплигинини инобатга олиб, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ҳамда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси томонидан қўшимча рейсларни ташкил этиш юзасидан таклифлар киритилган. Бундан ташқари, шаҳар халқаро аэропортида енгил конструкцияли марказ лойиҳаси асосида туристларга хизмат кўрсатувчи Ахборот марказлари ташкил этилган. Бу ерда истаган киши туристик объектлар туширилган хариталар, мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятини акс эттирувчи турли тарқатма материаллар билан танишиши мумкин.
Туризм салоҳиятини янада кенгайтириш, хорижий сайёҳлар ва вилоят аҳолиси дам олишлари учун қўшимча инфратузилма объектлари сонини кўпайтириш мақсадида қабул қилинган Вазирлар Маҳкамаси қарорига биноан, 2017 — 2018 йилларда қиймати 26 миллиард 150 миллион сўмлик 14 та янги меҳмонхона қурилиши белгиланган. Шундан 6 таси Самарқанд шаҳрида, Самарқанд ва Ургут туманларида 2 тадан, Жомбой, Нуробод, Булунғур, Қўшработ туманларида биттадан янги меҳмонхона бунёд этилади. Умуман, 2021 йилга бориб, ҳудудда 40 та янги меҳмонхона барпо этилади.
Таъкидлаш керакки, бу борадаги ишларга аллақачон киришилган. Собиқ “Алпомиш” АЖга тегишли ерда “Самарқанд сити” туристик комплекси, Самарқанд эшкак эшиш канали ҳудудида Халқаро спорт-соғломлаштириш ва туристик-рекреацион мажмуаси, Университет хиёбонидаги “Интурист” меҳмонхонаси ўрнида “Қоракўл строй сервис” МЧЖ томонидан янги меҳмонхона қуриш чоралари кўрилаётгани, “Афросиёб Палас” меҳмонхона комплекси реконструкция қилиш учун Туркиянинг “ATA INSAAT” компаниясига тақдим этилаётгани шундай саъй-ҳаракатлар самарасидир.
Самарқанд тумани, Оқсой фуқаролар йиғинидаги “Ҳазрати Довуд” қадамжосига борувчи йўллар қайта таъмирланди, йўл бўйи инфратузилмаси қайта кўриб чиқилиб, ободонлаштирилди. Ҳудуддаги тадбиркорларга маиший хизмат ва сервис кўрсатиш учун ер майдонлари ажратиб берилди. Пировардида бу жойда тиббий соғломлаштириш, спорт мажмуалари, 2 та замонавий меҳмонхона ишга туширилди. Қадамжо ҳудудидаги савдо, сервис ва умумий овқатланиш объектлари замонавий кўринишга келтирилди. Бунинг учун ташаббускорларнинг 56 миллиард сўм ва тижорат банкларининг 4 миллиард сўм кредитлари жалб этилди.
Шу билан бирга, вилоятда қишлоқ хўжалиги, экологик ва спорт туризмни ривожлантириш бўйича туманлар ҳокимликлари билан биргаликда лойиҳалар тайёрланиб, уларнинг аксариятида ишлар бошлаб юборилди. Каттақўрғон туманидаги “Эргаш ота”, Оқдарё туманидаги “Устоз” сиҳатгоҳлари соғломлаштириш учун мўлжаллангани Жомбой туманидаги “Чилмарям-ота” дам олиш маскани, Қўшработ туманидаги Пангат, Қизилбел, Қоратош, Жонбулоқ аҳоли пунктлари ажойиб табиати, хушҳавоси билан алоҳида ажралиб туради. Ургут туманидаги “Омонқўтон” ғори, Тайлоқ туманидаги “Қорасув” оромгоҳи, Катта ўзбек тракти бўйидаги Самарқанд эшкак эшиш канали, Самарқанд туманидаги “Оҳалик” ва “Миронқул” аҳоли пунктлари .... Ҳудудда бундай эътибор тортар манзиллар жуда кўп.
Хуллас, Самарқанд вилоятдаги туризм имкониятлари хусусида кўп ва хўп гапириш мумкин. Яхшиси, ўзингиз бир келиб кетинг, қадим Самарқандга!


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 3243 times

Янгиликлар

Top