Ўзбекистон янгиликлари

Имом Бухорий мажмуасига кириш учун нега ҳақ ундирилаётгани  маълум қилинди

Кейинги пайтда ижтимоий тармоқларда сайёҳларнинг Имом Бухорий мажмуасига кириши учун ҳақ ундирилаётгани ҳақида маълумотлар тарқалиб, бу борада турли фикрлар билдирилди. Бу гап-сўзлар қанчалик асосли?

– Ҳақиқатдан ҳам бугунги кунда мажмуага кириш учун маҳаллий зиёратчилар 1000 сўмдан пул тўламоқда, – дейди Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси раҳбари Д.Эрмаматов. – Ушбу маблағ иншоотни сақлаш ва ҳудудни ободонлаштириш, меҳмонлар учун зарур шарт-шароит яратиш ҳамда ходимларга иш ҳақи беришга йўналтирилади. Шу пайтгача бу харажатлар мажмуага келувчи фуқароларнинг эҳсонлари, ҳомийлар маблағи ҳисобидан қопланган. Бугунги кунда сайёҳлар оқимининг кескин кўпайиши зиёратгоҳда улар учун қўшимча қулайликлар яратиш, янги иш ўринлари очиш ҳамда уларнинг хавфсизлигини таъминлашни тақозо этмоқда. Шу сабабли зиёратчиларнинг мажмуага кириши пуллик тартиб асосида йўлга қўйилди.

ЎзА хабарига кўра, йилнинг биринчи чорагида Имом Бухорий мажмуасини 311 минг нафардан ортиқ сайёҳ, жумладан, 1900 нафарга яқин хорижликлар зиёрат қилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан, 146 минг нафарга кўп демакдир. Пул тушуми эса 414 миллион сўмни ташкил этиб, 2017 йилнинг биринчи чорагига нисбатан икки баробар кўп бўлди.

Айни пайтда дам олиш кунларида мажмуага ўртача 5 минг нафар сайёҳ келмоқда. Наврўз байрами кунлари эса 15-17 минггача зиёратчи ташриф буюрди. Биринчи навбатда бу сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминлаш талаб этилади. Шу мақсадда илгариги битта қўриқлаш пости иккитага етказилиб, тун-у кун қўриқлов амалга ошириляпти. Мажмуа ичида эса “Хавфсиз туризм” ходимлари фаолият кўрсатмоқда.


Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

Read 3204 times

Янгиликлар

Top