Хабарингиз бор, шу кунларда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамкорлигида Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида “Ёш ватандошлар фестивали” бўлиб ўтмоқда.
Фестиваль хорижда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик йигит-қизларни ўзига хос муҳитда бирлаштириб, уларни Ватан равнақи йўлида янги ижодий изланишлар сари руҳлантиришга хизмат қилади.
Шунингдек, уларни мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришлардан кенг хабардор қилиш, онги ва қалбида ватанпарварлик туйғуларини янада ривожлантиришга хизмат қилади. Фестивал доирасида ёшлар форуми, тадбиркорлик, фан, таълим, ахборот технологиялари, санъат йўналишлари бўйича учрашувлар, маҳорат дарслари, халқ сайиллари, театрлаштирилган саҳна кўринишлари, миллий либослар кўргазмаси, миллий ҳунармандчилик аукциони, миллий таомлар фестиваллари ташкил этилади.
Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини намойиш этувчи китоблар тақдимоти ва муборак масканларга зиёратлар ҳам уюштирилади. Фестивал доирасидаги ана шундай хайрли тадбирлардан бири, бугун ёшларнинг “Ҳазрати Имом” мажмуасига келиши бўлди.
Дастлаб, хорижда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик йигит-қизларга Биринчи Президентимиз ташаббуси билан барпо этилган “Ҳазрати Имом” жоме масжидининг қурилиш тарихи ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, мажмуа таркибидаги “Мўйи Муборак” ва “Бароқхон” мадрасаларининг тарихи ҳамда мустақиллик йилларида ушбу масканда амалга оширилган беқиёс бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари ҳақида сўзлаб берилди. Улар ушбу мажмуада амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишларига юксак баҳо беришди.
Хулоса қилиб айтганда, Шарқ меъморчилигининг ноёб анъаналарини ўзида мужассам этган “Ҳазрати Имом” мажмуаси хорижда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик йигит-қизларимизга катта таассурот қолдирди.
ЎМИ Матбуот хизмати