Ўзбекистон янгиликлари

Эронда халқаро мусобақа: вакилларимизнинг юзи ёруғ бўлсин

Жорий йилнинг 19 апрель куни  Эрон Ислом Республикасининг Вақф ва хайрия ишлари ташкилоти томонидан ўтказиладиган 35-Халқаро Қуръони карим мусобақасида иштирок этиш учун қори йигит ва қория қизларимиз Теҳрон шаҳрига жўнаб кетишди.

Мазкур халқаро мусобақа “Бир китоб – бир уммат”  шиори остида ўтказилади. Унда дунёнинг 84 давлатидан келган иштирокчилар қатнашади. Мусобақа 19 апрель куни бошланиб, 26 апрель куни якунланади.

Иштирокчиларни 7 нафар хорижлик, 8 нафар эрон вакилларидан иборат ҳакамлар баҳолашади.

Ушбу халқаро мусобақада Тошкент ислом институти талабаси Туйғун Иброҳим  қорилар ўртасидаги ҳифз йўналиши бўйича, “Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти талабаси Юсуфий Роқия эса ҳифз йўналиши бўйича аёл-қизлар мусобақасида қатнашади.

Шунингдек, Қуръони каримни ёддан билувчи ва диний фанлар бўйича ислом билим юрти талабалари ўртасида ўтказиладиган 2-халқаро мусобақада Бухоро шаҳридаги “Мир Араб” олий мадрасаси талабаси Атовуллаев Абдураҳмон иштирок этса, Қуръони каримни  ёддан билувчи кўзи ожизлар халқаро 3-Қуръони карим мусобақасида эса “Имом Фахриддин ар-Розий”  ўрта махсус ислом билим юрти ходими Бегов Бекзод қатнашади.

Ушбу нуфузли мусобақада қори ва қорияларимизга совринли ўринларни қўлга киритишларини Яратгандан сўраб қоламиз.

Абдуллоҳ ПАРПИЕВ

ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими мутахассиси

 

Read 3279 times

Янгиликлар

Top