Ўзбекистон янгиликлари

Қорининг баланд мартабасининг белги-аломати

Дунёнинг ишлари қизиқ. Не маънодаки, тасвир объектининг нақадар қойилмақомлиги ёки аҳамиятли эканини таъсирчан усулда ифодалаш учун қиёслаш ёки қарама-қарши қўйиш усулидан фойдаланамиз.

Хуллас, бундан ўн беш йил чамаси муқаддам катта даврадаги суҳбатлардан бирида бир ёш йигит ҳақида гап очилиб қолди. Шунда даврадагилардан бири уни мақтаб: “Интернетдан тижорат қилиб отасига “ласетти” олиб берди, зўр бола у”, деди.

Бу гапни эшитганлар боланинг эпчиллигига қойил бўлдик. Нега қойил бўлмайлик. ўша вақтларда кўпчилик интернетдан оддий хабарни кўришни ҳам билмас эди. У эса унда тижорат ишини очиб олибди. Энг муҳими, топган пулини бошқа ишларга, айниқса, ўзининг кўнгилхўшлигига сарфламасдан отасига ўша вақтдаги энг ҳашаматли машиналардан бири саналган “ласетти” олиб берибди. Аллоҳ зиёда қилсин!

Бугун эса Қуръон мусобақаси ғолибини муҳтарам Президентимиз “ласетти” машинаси билан тақдирлайди. Ўша йигитимиз интернет тижорати қилган эди. Бугунги қоримизни эса Аллоҳ таоло Фотир сурасида “сира касод бўлмайдиган тижоратдан (ажру савоб бўлишидан) умидвордирлар”, деб таърифламоқда.

Ушбу ояти каримада қориларимизнинг Қиёматда даражаси қанчалик баланд бўлишига ишорат этиляпти. Қуръон мусобақасида эса ана шу ояти каримада таърифланган баланд мартабага ишора-аломат бор – Президент “ласетти” совға қилмоқда.

Албатта, тижорат ёки бошқа касблар Аллоҳ таоло ҳузуридаги мақбул амаллардан ва улар юртнинг фаровонлигига, элнинг маъмурлигига катта ҳисса қўшадилар. Лекин қорилик бўлакча-да, барибир. Шунинг учун ҳам Қуръон мусобақасини кўраётган кишиларнинг барчаси фарзандларининг мураттаб қорилардан бўлиб улғайишини орзу-ҳавас қилмоқдаки, уларнинг барчасини эзгу ниятларига етказсин!

 

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Read 3131 times

Янгиликлар

Top