Ўзбекистон янгиликлари

Исломга қувват берувчи тарихий ҳужжат

Куни кеча матбуотда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида»ги фармони эълон қилинди.

Яхши гапнинг қаноти бўлади, деганларидек, мазкур тарихий ҳужжатни юртдошларимиз ўзгача хуш кайфият, кўтаринки руҳ билан кутиб олдилар. Фармонда кўп асрлик миллий ва диний қадриятларимизни авайлаб асраш, дунё илм-фани ва маданияти ривожида улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг бебаҳо меросини ўрганиш, шу асосда ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш, жамиятда барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлашнинг муҳим шартларидан бири эканлиги алоҳида таъкидланган.

Таъбир жоиз бўлса, Фармон айнан ана шу мақсадларга хизмат қилишга даъват этади. Мамлакатимизда диний бағрикенглик, виждон эркинлиги нақадар муқаддас эканлигини яна бир карра ифодалайди.

Маълумки, кейинги йилларда муқаддас динимизга хизмат қилиш йўлида, умуман, диний-маърифий соҳада мисли қўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ислом цивилизацияси маркази, Ислом академияси, Мир-Араб олий мадрасаси, Имом-Бухорий ва Имом-Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказларининг бой маданий мероси кенг оммалаштирилмоқда. Қуръон мусобақаларининг ўтказилиши, асл иноят бўлган гўзал тиловатларнинг мамлакатларимиз оммавий ахборот воситаларида баралла ёритилиши, янги масжид ва намозхоналарнинг очилиши ҳақида кўп ва хўб гапириш мумкин.

Фармонда диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари аниқ ва равшан белгилаб берилган. Бу олдимизга янгидан-янги долзарб вазифаларни қўймокда ва масъулиятимизни оширмоқда. Энди аввалгидек, яъни эскича қолип билан ишлаб бўлмайди. Ҳар биримиз жойларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш ишига ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшишимиз лозим. Фармон матни билан танишар эканмиз, яна бир карра биз, диний соҳа вакилларини иш жойи асли одамлар орасида, деган қатъий фикрни мустаҳкамлаб олдик.

Ҳақиқатан ҳам, ҳамиша одамлар орасида бўлиш, уларга яхшиликни тарғиб қилиш, ёмонликдан қайтариш ҳам фарз, ҳам қарз эканлигини бир дақиқа ҳам унутишга хаққимиз йўқ. Чунки одамлар биз дин вакилларига кўпроқ ишонадилар. Айни вақтда эса, биз бундан тўғри ва оқилона фойдаланишимизни даврнинг ўзи тақозо этмокда.

Фармоннинг ҳар бир жумласи, ҳар бир сатри ҳақида узоқ ва мароқли мушоҳада юритиш мумкин. Ушбу ҳужжат билан диний ижтимоий жараёнларни ўрганиш, ахборот-таҳлил маркази, Ўзбекистон халқлараро Ислом академияси, унинг таркибида минтақавий филиалларга эга бўлган малака ошириш марказлари, Ҳадис илми мактаби, «Вақф» ҳайрия жамоат фонди ташкил этилаётганлиги, «Зиё» медиа маркази иши самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари, «Имом-Бухорий” давлат мукофотининг таъсис этилиши ва бошқалар ҳар бир мўмин-мусулмон замондошимиз қалбида фахр ва ифтиҳор туйғуларини жўш урдириши шубҳасиз, белгиланган чора тадбирлар доирасида диний-маърифий ташкилотларнинг моддий-техник таъминотини мустаҳкамлаш, соҳа вакиллари меҳнатини муносиб рағбатлантириш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш каби масалалар ҳам қамраб олингани таҳсинга сазовор.

Бу Фармоннинг қадр-қиммати кўпни кўрган, кекса диний уламоларимизнинг суҳбатларига кулоқ тутиб, яни ўтмишда улар қандай қийинчиликларга ва тақибларга дуч келганликларини мушоҳада қилганимизда яна ўн карра ортади, десак муболаға бўлмас. Шуларни ўйлаб, бугунги дориламон кунларга етиб келганлигимизга шукроналар қиламиз. Бир пайтлар хўрланган диний соҳа ходимлари, имом-хатиблар бугун жамиятимизнинг энг илғор вакилларига айланганлиги учун Яратганга ҳамду санолар айтамиз.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Фармон сатрларида муқаддас динимизнинг асл инсонпарварлик моҳияти, эзгулик, тинчлик ва инсонийлик каби фазилатлари азалий қадриятларимиз ифодаси эканлиги тўлақонли акс этиб турибди. У Ватанимиз равнақи, халқимиз бахт-саодати йўлида тинмай самарали меҳнат қилишга ундайди. Диний-маърифий соҳадаги фаолиятимизни янги сифат босқичига кўтаришга хизмат қилади.

Эътибор берган бўлсангиз керак, кексаларимиз дуога қўл очганларида дини Исломга қувват берсин, деб ният қиладилар.

Ислом маърифатини, унинг олижаноб қадриятлари, эзгу инсоний тамойилларини теран тушунган, нафақат халқимизга, бутун башариятга яхшилик истаб яшаётган, муқаддас динимизга холис хизмат қилаётган Юртбошимиздан Аллоҳ рози бўлсин!

 

М.МИРЖАЛИЛОВ

Қибрай тумани бош имом-хатиби

Read 2793 times

Янгиликлар

Top