Ўзбекистон янгиликлари

Диний-маърифий соҳани такомиллаштириш йўлида

Бугун, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасурбек Акрамов Наманган шаҳридаги “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртига ташриф буюриб, ўқув юрти фаолияти, таълим-тарбия жараёни ва олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишдилар. Шунингдек, устоз-мураббийлар ва талаба-ёшлар билан самимий мулоқот ўтказилди.
Мулоқотда муфтий ҳазратлари муҳтарам Президентимиз раҳнамоликларида жуда катта ислоҳотлар, улкан ўзгаришлар ва хайрли ишлар бўлаётганини алоҳида таъкидлаб, шу йил 16 апрель куни давлатимиз Раҳбарининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги тарихий Фармони барча мўмин-мусулмонлар кўнглини тоғдек кўтаргани, айниқса, имом-домлалар, мударрислар ва илмий тадқиқотчиларга берилган имкониятлар жуда ҳам манзур бўлганини батафсил сўзлаб бердилар.
Муфтий ҳазратлари мазкур Фармон ёшларнинг илм-маърифатга бўлган иштиёқларини қондириш, уларнинг илмий изланишлар олиб бориш йўлидаги орзу-умидларини рўёбга чиқаришда жуда ҳам катта қадам эканини изоҳладилар. Айниқса, Фармон асосида Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг ташкил этилиши илмий-тадқиқот ишларини тизимли давом эттиришга муносиб шароит эканини баён қилдилар.
Учрашувда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасурбек Акрамов ва Наманган вилояти бош имом-хатиби Абдулҳай Турсунов мамлакатимизда дин соҳасида олиб борилаётган ишлар ҳақида гапириб, ушбу Фармоннинг мазмун-моҳияти тўғрисида ҳам муҳим маълумотларни айтиб ўтишди.
Сўзга чиққан нотиқлар мана шундай муҳайё қилинаётган шарт-шароитлар ва қулайликларга жавобан талаба-ёшлар илм-маърифат эгаллаш йўлида тинимсиз ғайрат қилишлари, жидду-жаҳд кўрсатишлари ва барчамиз орзу қилгандек, Имом Бухорий, Имом Термизий каби алломаларга муносиб авлод бўлишларини таъкидлашди.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3498 times

Янгиликлар

Top