Ўзбекистон янгиликлари

Муаллифлар китобларни нега қўрқинчли номламоқда?
Бугун китоб дўконларида қора ва рангдор тусдаги, номи эса ташқи кўринишидан ҳам қўрқинчли китоблар тўлиб кетди.
Фарзанд дунёга келар экан, ота-она унга баркамол униб-ўссин, номига монанд атрофдагиларига яхшиликлар улашсин, дея нафис исмлар қўйишади. Ижодкорнинг ҳам бир асар яратишини худди ота-онага мезгаш мумкин. Билакс, бугун китоб дўконларида қора ва рангдор тусдаги, номи эса ташқи кўринишидан ҳам қўрқинчли китоблар тўлиб кетди. Шу ўринда бир савол туғилади. Нега ижодкорлар ўз “фарзанд”ларини қўрқинчли номламоқда? 
 
Масалан, Нуриддин Исмоиловнинг “Иблис салтанати”, “Мафия сардори”, Набижон Ҳошимовнинг “Ёввойи қиз”, Илҳом Зоирнинг “Ажал пирамидаси”, Баҳодир Худобергановнинг “Қўйнимдаги қотил”, Азамат Қоржововнинг “Марҳум келиннинг хиёнати”, “Зиндонбанд қиз ноласи”, “Қил устидаги тақдир”, “Гўр қизи” номли кўплаб асарларга дуч келамиз.

Китоб мутолаасига кенг эътибор берилаётган шароитда улар сони, тури ва хиллари ҳам кўпайиб кетди. Мана йигирма-ўттиз йилдирки, китобхонлар орасида детектив асарларни ўқиш авж олган. Аслида, китобнинг ёмони бўлмайди. Аммо руҳиятга, қалбга салбий таъсир этадиганлари учрайди.
 
Асар яхши бўлса, ҳеч қандай ялтироқ ва жимжимадор номсиз ҳам ўз ўқувчисини топади. Бугунги кунда детектив асарлар шиддат билан ўқувчилар орасида оммалашяпти. Аслида, ўқувчини мажбурлаб бўлса ҳам китоб ўқитиш савоб иш. Аммо бу хилдаги асарлар қай даражада китобхон салоҳияти ўсишида аҳамият касб этаяпти? Бадиий адабиёт бўстонига қанчалар фойдаси тегмоқда? Балки, фақат номигина уларнинг кўп ўқилиш рейтингини сақлаб тургандир. Қайдам, асрлар ўтиб ҳам сўзнинг сеҳри туфайли ўқувчилар қалбига йўл топиб борадими, йўқми буни вақт кўрсатади. Аммо китобни бу даражада қўрқинчли ва қўпол номламаслик керак назаримда. 
 
Тўғри, миллий достончилигимизда “Гўрўғли”, йигирманчи аср адабиётимизда эса “Даҳшат” ва “Жинлар базми” номли машҳур асарлар бор. Вақтлар ўтиб ҳам ушбулар бадиий дид ва савияси баландлиги туфайли адабиётимизда сақланиб, ўз ўқувчисини йўқотмади. Аммо бугун мўмай пул ишлаб олиш мақсадида чиқарилаётган айрим китобларни эртага китобхон ўқимаслиги ҳам мумкин. 
 
Унутмайлик, асрлар ўтса ҳам китоб инсонни маърифатга етаклайдиган ягона йўл бўлиб қолади.

Дилобар Аслиддин қизи, 
ЎзМУ магистранти.
 
 
Read 3233 times

Янгиликлар

Top