Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратларининг Наманганга ташрифлари давом этмоқда

Аввал хабар берганимиздек, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасурбек Акрамов бошчиликларидаги гуруҳ жойларда аҳоли билан бирма-бир суҳбат қилиш, намозхонлар билан самимий мулоқотлар ўтказиш ишларини Наманган вилоятида давом эттиришмоқда.
Бугун улар Наманган вилоят бош имом-хатиби Абдулҳай Турсунов ва туман ҳокими Дилмурод Қодиров ҳамроҳлигида Норин туманига ташриф буюриб, тумандаги “Норин” номли оромгоҳда аввалда адашиб, ҳозир тўғри йўлга қайтган 60 дан ортиқ фуқаролар билан бир пиёла чой устида дилдан суҳбат ўтказдилар.
Мулоқотда бугунги кунда давлатимиз Раҳбари томонидан олиб борилаётган дин соҳасидаги улкан ўзгаришлар, Яратган Парвардигорнинг бундай берган неъматларига шукрона келтириш, тўғри йўлга қайтган кишиларнинг ҳаётини яхшилаш ва муаммоларини бартараф этиш ҳақида сўз борди.
Учрашувда муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари мўмин-мусулмонларнинг дарду ташвишларини енгиллатиш бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан бош мақсад қилиб қўйилганини таъкидладилар. Шунингдек, кишиларнинг диний-маърифий саводхонлигини ошириш, имон-эътиқодини мустаҳкамлаш, Ислом динининг эзгу таълимотларини тарқатиш асосий мақсад эканини таъкидладилар.
Муфтий ҳазратлари бугунги доно сиёсатни кенг тарғиб этиш ва динимиз, она-Ватанимизни ҳимоя қилишда ҳамма муносиб ҳисса қўшиши ҳам фарз, ҳам қарз эканини изоҳладилар. Ҳозирги кунда жадал ривожланаётган юртимизни гуллаб яшнашига барча баробар масъул эканини алоҳида айтиб, кенг имконият ва имтиёзлар бераётган Юртбошимиз ҳақларига дуои хайрлар қилдилар.
Шундан сўнг Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасурбек Акрамов муҳтарам Президентимизнинг шу йил 2-3 май кунлари Наманган вилоятига ташрифи чоғида бир қатор муҳим масалалар билан бир қаторда диний-маърифий соҳада ҳам жуда катта ўзгаришлар белгилангани, айниқса, “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти фаолиятини кенгайтириш, у ерни илм ўчоғига айлантириш, ҳудуддаги мўмин-мусулмонларнинг диний-маърифий билимларини ошириш борасида долзарб вазифалар топширилганини алоҳида қайд этди. Шунингдек, тўй, маърака маросимларни ихчам ва камчиқим қилиб ўтказиш, келажагимиз эгалари бўлмиш ёшларни ноқонуний йўллар билан четга чиқиб кетишларининг олдини олиш борасида ёшларга тушунтириш ишлари олиб бориш зарурлигини сўради.
Мулоқотда Наманган вилояти бош имом-хатиби Абдулҳай Турсунов бирдамлик, иттифоқчилик фазилати ҳақида гапириб, ўлкамиздаги барча мўмин-мусулмонлар Имом Аъзам Абу Ҳанифа мазҳабига эргашиб, ўзаро аҳил-иноқ бўлиб яшашлари динмиз буйруқларига итоат ва мана шундай неъматларга муносиб шукроналик эканини айтиб ўтди. Шунингдек, вилоят бош имом-хатиби шу йил 16 апрель куни давлатимиз Раҳбарининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифалар, хусусан, “жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш” ғояси диний-маърифий соҳада олиб борилаётган барча ислоҳотларнинг бош ғоясига айлангани, ёшларнинг таълим-тарбиясини яхшилаш, уларни бузғунчи кучлар таъсирига тушиб қолишдан асрашда дастуриламал бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.
Давра суҳбати якунида турли рўйхатлардан чиқарилган фуқароларнинг гап-сўзларига қулоқ тутилди. Жумладан, Азимов Сирожиддин, Бобажанов Муроджон, Иноятов Орифхон, Турғунов Музаффар, Ахмедов Аҳмадилло сўз олиб, катта эътибор учун миннатдорлик билдириб, муҳтарам Президентимизнинг ғамхўрликлари натижасида мана шундай эркин, фаравон кунларда турмуш кечиришаётганини билдиришди.
Учрашув дўстони ва самимий руҳда ўтди.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 2921 times

Янгиликлар

Top