Ўзбекистон янгиликлари

Япониядаги энг йирик масжид

Японияда саксондан ортиқ масжид бор. Улардан энг йириги ва илк қурилганларидан бири “Токио” масжидидир. “Токио жомеи” деб ҳам аталадиган ушбу масжид пойтахтнинг Сибуя туманида жойлашган. Уни Россиядаги инқилоблар туфайли Японияга кўчиб келган татар муҳожирлар уч йил давомида қуриб битказган. 1938 йили Мавлидун Набий санасида фойдаланишга топширилган. Жоме туркий масжидлар шаклида барпо этилган. Қурилишга Япониянинг биринчи муфтийси Муҳаммад Абдулҳай ва Токио мусулмонлари жамияти ҳомийлик қилган.

1986 йилга келиб масжид биноси зилзилалар оқибатида таъмирга муҳтож ҳолатга келди, 1988 йили эса таъмирланди. 1998 йили Туркия ҳукумати ҳомийлигида қайта қуриш ишлари бошланди. Туркиялик архитектор Муҳаррам Ҳилм чизмаси асосида тикланган, 1200 кишини сиғдира оладиган, 734 квадрат метр майдонни эгаллаган янги ва кўркам масжид 2000 йили ишга тушди. Бу ерда аёллар учун ҳам алоҳида намозхона ажратилган.

Масжид икки қаватдан иборат бўлиб, биринчи қаватда намозгоҳ ва маданият маркази жойлашган. Масжиднинг битта минораси бор. Унинг узунлиги 41 метр, гумбазининг баландлиги эса 23 метр. Жомеда Ислом дини, таҳорат, намоз сабоқлари ва Қуръони каримдан таълим берилади.

Гумбазнинг ички қисмига “Ихлос” сураси, атрофига эса Аллоҳ, Муҳаммад лафзи ва тўрт саҳоба исмлари туширилган. Масжид кираверишига “Оятул курси”, деворларига Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари, меҳробнинг юқорисига «Машриқ ҳам, Мағриб ҳам Аллоҳникидир. Бас, қайси тарафга юзингизни қаратсангиз, ўша томонда Аллоҳнинг “юзи” мавжуддир» (Бақара сураси, 115-оят) ояти битилган.

2014 йилдан бошлаб Ислом дини ва масжид тўғрисида маълумот берувчи мутахассислар хизмати йўлга қўйилган.

 

   Даврон НУРМУҲАММАД

Read 3113 times

Янгиликлар

Top