Ўзбекистон янгиликлари

“Йилнинг энг яхши ҳадис фани ўқитувчиси” танлови

Жорий йилнинг 16 май куни “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари Ҳадис фани ўқитувчилари ўртасида “Йилнинг энг яхши ўқитувчиси” кўрик-танлови ўтказилди.

“Йилнинг энг яхши ўқитувчиси” кўрик-танлови Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2018 йил 30 мартдаги “Йилнинг энг яхши ўқитувчиси” кўрик-танловининг республика босқичини ўтказиш тўғрисида”ги 01А/041-сонли буйруғига кўра ташкил этилди.

Кўрик-танловда Тошкент ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси ва ўрта махсус ислом билим юртларининг Ҳадис фани ўқитувчилари иштирок этдилар.

Кўрик-танловга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими бошлиғи Жалолиддин Нуриддинов, бўлим мутахассислари Салоҳиддин Шерхонов ва Акбар Дўсматов, “Ҳилол нашр” нашриёти раҳбари Исмоилжон Муҳаммад Содиқ, Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғофуров, институт ўқитувчиси Абдуллатиф Аллоқулов, Тошкент ислом университети ўқитувчиси Жасур Нажмиддиновлар ташриф буюрдилар.

 

Иштирокчилар танловда қуйидаги 4 та йўналиш бўйича билим ва маҳоратларини намойиш этдилар:

а) оғзаки савол-жавоб (дарсни ташкил қилиш, дарс ўтиш асносида фойдаланадиган услублар, жамиятни маънавий савиясини ошириш учун амалга оширилиши керак бўлган чоралар ва шу каби педагогнинг маҳоратини намойиш қиладиган саволлар берилади).

б) билет асосида берилган масалани ҳадисларни шарҳлаш орқали ечиш. (Ҳар бир  билет 1 та саволдан иборат бўлиб, ҳадис илми, мазҳаб ва мазҳаббошилар ҳақидаги турли ихтилофли қарашларга қарши ҳадисларни шарҳлаш орқали раддия берилади).

в) билет асосида берилган ҳадисни шарҳлаб бериш (ҳадис таржима қилиниб, унга доир ҳукмларни баён қилинади).

г) оғзаки савол-жавоб (билет саволлари асосида жавоб берилади. Ҳар бир  билет 3 та саволдан иборат бўлиб, муҳаддислар ҳаёти, ҳадис асарлари, уларнинг турлари ва мусталаҳул ҳадис қоидаларига оид саволлар қўйилади).

 

Ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг чиқишларини баҳолаб бордилар.

Танлов низом талаблари асосида холис, шаффоф ва адолатли ўтиши Ўзбекистон мусулмонлари идораси кузатувчилари томонидан назорат қилинди.
“Йил ўқитувчиси-2018” мусобақаси якунида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мутахассиси А.Дўстматов сўз олиб, мусобақа натижалари юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди. Сўнг “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти маънавий-маърифий масалалар бўйича мудир ўринбосари А.Ғаниев имтиҳон натижалари билан таништирди.
Ҳакамлар ҳайъати ҳисоб-китобларига кўра, биринчи ўринни Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулҳодий Ғиёсов 1-ўринни эгаллаб, 1-даражали диплом, энг кам иш ҳақининг 10 баробари миқдорида пул мукофоти ва телевизор совғасига эга бўлди.
2-ўринни “Мир Араб” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси Эркин Қудратов қўлга киритди, у 2-даражали диплом ҳамда микротўлқинли печ билан мукофотланди.
3-ўрин “Мир Араб” олий мадрасаси ўқитувчиси Иброҳим Саидовга насиб этди, унга 3-даражали диплом ҳамда чангютгич совға қилинди.
Қолган иштирокчилар фахрий ёрлиқ ва 300.000 (уч юз минг) сўм миқдоридаги китоблар тўплами билан тақдирландилар. Шунингдек, мусобақа иштирокчилари учун «Ҳилол нашр» нашриёти томонидан ҳам китоблар тўплами совға қилинди. Совға, диплом ва фахрий ёрлиқларни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мутахассислари А.Дўсматов ва С.Шерхонов топширдилар.

Шунингдек, шу куннинг ўзида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Мовароуннаҳр” нашриёти томонидан чоп этилган китоблар кўргазмаси ҳам бўлиб ўтди. Кўргазмага диний-маърифий мазмунда 30 турдаги араб, инглиз, рус ва ўзбек тилларидаги китоб, газета ва журналлар олиб келинди. Кўргазмага ташриф буюрганлар учун шу ернинг ўзидан ўзларига маъқул адабиётларни ҳарид қилиш имкониятлари яратилди.

«Кўкалдош» ахборот хизмати

Read 3770 times

Янгиликлар

Top