Ўзбекистон янгиликлари

Чемпион болаларга ифторлик дастурхони ёзилди

Яқиндагина Россия пойтахти Москва шаҳрида Меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган болалар ўртасидаги Жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Унда илк бора Ўзбекистон терма жамоаси ҳам иштирок этди.

Ҳамюртларимиз ўзларининг илк иштироки бўлишига қарамай барча рақибларини мардонавор тарзда мағлуб этишди ва якунда Жаҳон чемпиони унвонига эга чиқишди.

Жамшид Асадов шогирдлари ушбу турнирда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя этишнинг уддасидан чиқишди.

Қўлга киритилган бундай муваффақият “Локомотив” профессионал футбол клуби раҳбарияти ва ҳодимларини ҳам бефарқ қолдирмади. Зеро “Локомотив” ПФК жорий йилдан буён Тошкент шаҳрида жойлашган 23-сонли меҳрибонлик уйи футбол жамоасини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, уларга ҳомийлик қилиб келмоқда. Мундиалда иштирок этган терма жамоамиз ўзагини ҳам ушбу меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ташкил этишди. Бу ҳақда "championat.asia" нашри хабар берди.

Муборак Рамазон ойи давом этаётган ушбу қутлуғ кунларда “Локомотив” ПФК Жаҳон чемпионлигини қўлга киритган меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун ифторлик дастурхони ёзди. Бугун терма жамоамиз вакиллари “Локомотив” стадионига ташриф буюришди. Улар клуб қароргоҳида “Локомотив” асосий таркиби футболчилари ҳамда мураббийлари билан суҳбат қуриб, Жаҳон чемпионати таассуротлари билан ўртоқлашишди. Катта акалари эса ушбу ёш футболчиларга келажакда улкан муваффақиятлар тилашди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3087 times

Янгиликлар

Top