Кеча, 23 май куни “Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус Ислом билим юртида Пошшахон Эшонхон қизининг “Аёл – мўътабар зот” номли китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимотга Тошкент шаҳри айрим туман бош отинойилари, билим юрти талаба қизлари ҳамда ходималари ва меҳмонлар таклиф этилди.
Тақдимот, таомилга кўра, Қуръон тиловати билан бошланди.
Тадбирни билим юрти мудираси Нозима Ибрагимова кириш ва табрик сўзи билан очиб берди.
Тақдимот маросимида сўзга чиққанлар ушбу китоб аёлларга оид энг зарур фиқҳий масалаларни ўз ичига олгани билан аҳамиятли экани, шунингдек китоб кенг оммага, хусусан, отинойилар учун ҳам муҳим қўлланма бўлгани, айниқса, савол-жавоб тарзида ёзилгани, китобхонга жуда манфаатли бўлишини айтиб ўтишди.
Барча йиғилганлар мударриса, китоб муаллифи Пошшахон Эшонхон қизининг келгуси ижодига улкан муваффақиятлар тилашди.
Тақдимот якунида йиғилганларга китоблар улашилди.
ЎМИ Матбуот хизмати